Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, ҳайкалтарош Яков Шапиронинг вафоти муносабати билан марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдиради.
Маълумот учун: Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, ҳайкалтарош Яков Иосифович Шапиро 1937 йилда Украинанинг Житомир вилояти Олевск шаҳрида туғилган. Иккинчи Жаҳон Уруши вақтида оиласи билан Ўзбекистонга эвакуация қилинган. Дастлаб Марғилонда яшайди, сўнгра ота-онаси билан Тошкентга кўчиб ўтади. 1944 йилда ортга, ватанига қайтади ва санъат ўрта мактабида таҳсил олади.
Киев санъат билим юртини тамомлаб, Санкт-Петербургдаги И.Е.Репин номидаги Давлат академик рассомлик, ҳайкалтарошлик ва архитектура институтига киради. Таҳсил олиш мобайнида дунё бўйлаб сафар қилади. Кейинроқ институтдаги таҳсилини давом эттирган ҳолда Тошкентга кўчиб ўтади.
Унинг ижод намуналари Ўзбекистон, Россия, АҚШ, Франция, Италия, Исроил, Япония ва бошқа давлатларда ўрнатилган. Тошкентда Яков Шапиро метронинг бешта станцияси, жумладан «Мустақиллик майдони» ва «Буюк ипак йўли» станциялари учун паннолар тайёрлади.
Шунингдек, ҳайкалтарош Ўзбекистон пойтахтидаги Шота Руставели, Ҳамид Олимжон, Шароф Рашидов, Лал Баҳадур Шастри, Бухородаги Хўжа Насриддин Афанди каби ҳайкаллар муаллифи ҳисобланади.