Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан маълум қилинишича, бугун Ўзбекистонга GAVI ташкилотининг COVAX дастури доирасида «AstraZeneca» вакцинасининг илк партияси етказиб берилмоқда.
«AstraZeneca» (Буюк Британия/Швеция) компаниясининг маҳсулоти бўлмиш, ушбу вакцина билан боғлиқ турли нохуш хабарлар тарқалмоқда. Хусусан, Данияда мазкур вакцина билан боғлиқ бўлиши мумкин бўлган ўлим ҳолати, Австрияда эса у билан эмланган 49 ёшли аёл қон айланиш тизимининг оғир бузилиши натижасида вафот этгани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Шундан кейин ушбу препаратдан фойдаланишни чеклаётган давлат сони кўпайиб бормоқда.
Куни кеча Швеция ўз аҳолисини «AstraZeneca» (Буюк Британия/Швеция) компанияси билан эмлашни тўхтатди. Тегишли баёнот мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги сайтида эълон қилинди.
Швециянинг бош эпидемиологи Андерс Тегнелнинг таъкидлашича, бу қарор профилактика чораси ҳисобланади. Европа дори воситалари агентлиги (ЕМА) препаратнинг тахминий салбий таъсирини текширишни тугатгунига қадар вакцинадан фойдаланиш тўхтатиб турилади. Шу тариқа Швеция «AstraZeneca» вакцинасидан фойдаланишни таъқиқлашга қарор қилган Европанинг 20-мамлакати бўлди. Бунга қадар Австрия, Болгария, Германия, Дания, Ирландия, Исландия, Испания, Италия, Кипр, Латвия, Литва, Люксембург, Голландия, Норвегия, Португалия, Руминия, Словения, Франция ва Эстония ушбу препарат билан эмлашни қисман ёки тўлиқ тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилган эди. Бунга эмланганларда қон қуюқлашиши билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлаётгани ҳақида хабарлар тарқалиши сабаб бўлди.
Европа Иттифоқи ушбу вакцинадан фойдаланиш масаласини аъзо давлатлар ҳукуматлари ихтиёрида қолдирди.
Компания вакцинанинг хавфсизлиги ҳақида ўз фикрида қатъий турибди. Хусусан, ишлаб чиқарувчи Европа Иттифоқи ва Буюк Британияда коронавирус препарати билан эмланган 17 миллиондан ортиқ одамнинг соғлиғи ҳолатини батафсил ўрганиш натижасида ўпка эмболияси, чуқур томир тромбози ёки тромбоцитопения (тромбоцитлар сони камайиши) хавфи ҳақида маълумотлар йўқлигини билдирмоқда.
Кеча Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг вакциналар хавфсизлиги бўйича маслаҳат қўмитаси «AstraZeneca» препарати хавфсизлигини текшириш учун йиғилди.
ЖССТ вакцина хавфсизлиги қўмитаси мавжуд далилларни Европа дори воситалари агентлиги билан яқин ҳамкорлик асосида кўриб чиққан ва ушбу масалада учрашув ўтказган. Бироқ, ҳозирча ЖССТ мазкур вакцинанинг зарарли эканлиги ҳақида бирор хулосага келганича йўқ.
Олдинроқ, Ўзбекистон ЮНИСЕФ тақдим этган жадвалга асосан 2 млн 640 минг доза «AstraZeneca/Oxford» вакцинасини олиши ва унинг бир дозаси нархи тахминан 3 долларни ташкил этиши ҳақида хабар берган эдик.