2021 йил Bosh-sahifa-kir

Дўстлик жамиятларининг 2021 йилги фаолияти якуни ва 2022 йил иш режалари муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказилди

Жорий йилнинг 27 декабрь куни Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида дўстлик жамиятларининг 2021 йилги фаолияти якуни ва 2022 йил иш режалари муҳокамасига бағишланган йиғилиш ташкил этилди.

Тадбирда“Ўзбекистон-Германия”, “Ўзбекистон-Франция”, “Ўзбекистон-Польша”, “Ўзбекистон-Латвия”, “Ўзбекистон-Греция”, “Ўзбекистон-АҚШ”, “Ўзбекистон-Вьетнам”, “Ўзбекистон-Япония”, “Ўзбекистон-Эрон”, “Ўзбекистон-Исроил”, Ўзбекистон-Қирғизистон” каби дўстлик жамиятлари раислари, ижрочи директорлари ҳамда фаоллари иштирок этди.

 

Қўмита раиси ўринбосари Валерий Тян якунланиб бораётган 2021 йилда дунёда давом этаётган эпидемиологик вазиятга қарамасдан дўстлик жамиятлари томонидан Ўзбекистон халқ дипломатиясини ривожлантиришда ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашда  салмоқли ишлар амалга оширганлигини қайд этиб ўтди. Жумладан, хориждаги ҳамкор ва жамоат бирлашмалари билан юртимизнинг бой илмий, маданий ва маънавий меросини кенг тарғиб қилиш ва оммалаштириш, Ўзбекистон имижини ошириш мақсадида ўтган давр мобайнида 20 дан ортиқ онлайн видеомулоқотлар ўтказилди. 30 га яқин делегациялар қабул қилинди, 5 та хорижий турдош ташкилотлар билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Хориждаги ҳамкор ташкилотлар орқали Ўзбекистон ҳақида объектив фикрларни шакллантириш ва давлатимизнинг тинчликсевар сиёсати, чет давлатларда Ўзбекистоннинг барча жабҳаларда эришаётган ютуқларини кенг тарғиб қилиш мақсадида  30 дан ортиқ тадбирлар ташкил этилди.

“Ўзбекистон-Греция” дўстлик жамияти раиси М.Ашуров Қўмита ва жамият ҳамкорлиги асносида кўплаб маданий-маърифий, илмий-амалий тадбирлар ташкил этилганлигини айтиб ўтди. Жумладан, 2021 йилнинг 1 февраль куни Тошкент шаҳар грек маданий марказида ўзбек-грек дўстлик алоқаларига бағишлаб “Цивилизациялар диалоги” мавзусида ижодий учрашув ҳамда  20 сентябрь куни Қўмитада “Греция-Ўзбекистон” дўстлик жамияти раиси Д.Баколус билан учрашув ташкиллаштирилиб, меҳмонга “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони топширилганини таъкидлаб ўтди.

 

“Ўзбекистон-Исроил” дўстлик жамияти ижрочи директори С.Ғуломов 2021 йил 6 декабрь куни Бухоро давлат университетида “8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни” муносабати билан “Янги Ўзбекистон: келажак авлод фаровонлиги учун фан ва таълимни такомиллаштиришда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш стратегияси” мавзусида халқаро конференция ташкил этилганлигини айтиб ўтди.

“Ўзбекистон-Эрон” дўстлик жамияти ижрочи директори И.Холбоев ўтган даврда Ўзбекистон ва хорижий мамлакатлар ўртасидаги кўп қиррали савдо-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳамда дўстлик алоқоларини янада мустаҳкамлаш, мамлакатлар дипломатик алоқаларини, ташқи сиёсат тарихи бўйича ёшларнинг тўғри билим ва тафаккурини бойитиш мақсадида талаба ёшлар ўртасида 3 та оффлайн ва онлайн халқаро викторина ташкил этилганлигини гапириб ўтди.

“Ўзбекистон-Германия” дўстлик жамияти ижрочи директори Ю.Исмоилов жамиятларни қўллаб қувватлашда давлат грантларининг аҳамияти ҳақида гапириб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан эълон қилинган “Миллатлараро тотувлик ва барқарорликни таъминлашда ижтимоий шерикликни кучайтириш” мавзусидаги Давлат грантларида 6 та дўстлик жамияти танлов соҳиби бўлганлигини, жумладан, “Ўзбекистон-Германия”  дўстлик жамияти ҳам ушбу грант доирасида бир-қатор тадбирларни амалга ошириб келаётганлигини таъкидлаб ўтди.

Кун тартибига биноан жамият фаоллари томонидан келгуси 2022 йилда амалга оширилиши режалаштирилаётган ишлар юзасидан фикр алмашилди, таклиф ва мулоҳазалар тингланди. Мажлисда кун тартибидаги бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.