Урганч шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасида икки томонлама ҳамкорлик бўйича иккинчи ҳудудлараро ҳамкорлик форуми ташкил этилди.

Икки мамлакат ўртасидаги яқин қўшничилик, стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, ҳудудларнинг саноат салоҳияти ва имкониятлари тўғрисида ўзаро маълумот алмашиш, тўғридан-тўғри ҳамкорлик қилиш ва истиқболли йўналишларни белгилаб олиш мақсадида ташкил этилган ушбу форумга Қозоғистондан ва мамлакатимиз вилоятларидан ишбилармон доира вакиллари ташриф буюрган.
Ўзбекистон – Қозоғистон иккинчи ҳудудлараро ҳамкорлик форуми доирасида учта шуъба йиғилиши, хусусан, “Ишлаб чиқаришда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш орқали чегарадош ҳудудларда инвестицион ҳамкорлик истиқболлари”, “Агросаноат секторини ҳамкорликда ривожлантириш” ҳамда “Инсон капиталини ривожлантириш: етакчилик асослари” мавзуларида мунозаралар бўлиб ўтди. Икки мамлакат вазирлик, идоралари масъул ходимлари, ҳудудлар, ташкилотлар ва компаниялар раҳбарлари, иқтисодчи олимлар маърузалари тингланди.


Сўнгги йилларда ҳудудлар ўртасида савдо-иқтисодий, инвестициявий ва туристик алоқаларни ривожлантириш мақсадида маҳаллий раҳбарлар бошчилигидаги ишбилармон доиралар вакиллари ўртасида ўзаро ташриф алмашиниш амалиёти йўлга қўйилди. Ташрифлар доирасида бизнес форумлар ва ҳудудларда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмалари ўтказиб келинмоқда.

Халқаро форум доирасида чегарадош ҳудудлар бизнес вакиллари иштирокида контактлар биржаси ўтказилди, савдо-иқтисодий ва инвестициявий шартномалар имзоланди. Икки томонлама муносабатларни ривожлантириш бўйича келишувларга эришилди.
– Биз 2011 йилдан буён курка гўшти етиштириш ва қайта ишлаш билан шуғулланамиз, – дейди қозоғистонлик тадбиркор Мурат Тоғаев. – Корхонамизда ҳар йили ўн минг тонна курка гўшти етиштирилади, шунинг ярмидан кўпи қайта ишланади. Ҳозир курка гўштидан 85 турдаги маҳсулот етиштиришдан ташқари, ушбу парранда терисини қайта ишлаб, тайёр маҳсулот сифатида савдога чиқармоқдамиз. Ўзбекистонлик тадбиркорлар билан ҳамкорликни йўлга қўйганимизга бир йилдан ошди. Корхонамиз Россия, Беларусь каби давлатлар билан ҳам ҳамкорлик қилади, бироқ энг яқин қўшнилар билан савдо қилиш жуда қулай. Бугун яна бир қатор фирмалар билан йилига жами 1000 тонна курка гўшти етказиб бериш бўйича шартнома имзоладик. Ушбу форум биз учун жуда манфаатли ва самарали бўлди, деб бемалол айта оламан.

Халқаро форум доирасида Ўзбекистон ва Қозоғистон саноат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Кўргазмада икки мамлакатда ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, қурилиш моллари ва техникалари, жамоат транспорти, замонавий енгил автотранспорт воситаларидан тортиб енгил саноат маҳсулотларигача намойиш этилди. Иштирокчилар ўртасида импорт ва экспорт шартномалари тузилди.
Тадбир нафақат янги ҳамкорлар топиш ва улар билан алоқа ўрнатиш, янги бозорларни эгаллаш ҳамда инвестиция киритиш ёки жалб қилиш учун ажойиб имконият яратади, балки халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик дўстона ва яхши қўшничилик ришталарини янада мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.
