Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси томонидан Дўстлик жамиятларининг 2020 йил якунлари ва 2021 йилда амалга ошириладиган ишлари юзасидан онлайн учрашув ташкил этилди.
Ушбу онлайн учрашув дўстлик жамиятлари фаолиятини янада ривожлантириш ҳамда самарали фаолият олиб боришига, шунингдек хорижда Ўзбекистоннинг халқаро имиджини илгари суриш ва хорижий мамлакатлар билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришда дўстлик жамиятлари ролини оширишга қаратилган.
Тадбирда “Ўзбекистон-Германия”, “Ўзбекистон-Франция”, “Ўзбекистон-Италия”, “Ўзбекистон-Польша”, “Ўзбекистон-Болгария”, “Ўзбекистон-Литва”, “Ўзбекистон-Латвия”, “Ўзбекистон-Греция”, “Ўзбекистон-Бельгия”, “Ўзбекистон-Швейцария”, “Ўзбекистон-Вьетнам”, “Ўзбекистон-Япония”, “Ўзбекистон-Корея”, “Ўзбекистон-Афғонистон”, “Ўзбекистон-Эрон”, “Ўзбекистон-Исроил”, “Ўзбекистон-Грузия”, “Ўзбекистон-Озарбайжон”, “Ўзбекистон-Қозоғистон”, дўстлик жамиятлари иштирок этдилар.
Онлайн учрашувни Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раис ўринбосари В. Тян кириш сўзи билан очиб, бугунги кунда мамлакатлар ва халқлар ўртасида ўзаро дўстона муносабатлар ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлиб бораётган глобаллашув даврида халқ дипломатиясининг муҳим тармоғи ҳисобланган дўстлик жамиятларининг давлат ва жамият ривожидаги ўрни яққол намоён бўлаётганини таъкидлаб ўтди.
Ўзбекистоннинг жаҳон майдонидаги обрў-эътибори ва имижини ошириш бўйича амалга ошириш йўналиш доирасида 20 дан ортиқ тадбир, 23 та хорижий давлатдаги 50 дан ортиқ ватандошлар ва турдош ташкилотлар иштирокида 13 та халқаро видеоконференция ўтказилганлигини айтиб ўтди.
В.Тян Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг резолюцияси билан ҳар йили 30 июль – Халқаро дўстлик куни сифатида кенг нишонланиши, жорий йилдан эътиборан ушбу санани Ўзбекистонда “Халқлар дўстлиги куни” деб белгилаш таклифи халқимиз томонидан кўтаринки руҳда кутиб олингинини таъкидлаб ўтди.
Ўтган даврда Пандемия шароитида, Сардоба фалокатлари зарар курганларга инсонпарварлик ёрдамлари ташкиллаштирилди. Унда Ўзбекистон-Литва, Латвия, Греция, Германия, Въетнам, Эрон, Исроил, Франция, Қозоғистон каби дўстлик жамиятлари моддий ёрдам кўрсатганлиги ҳақида маълумот бериб ўтилди.
Онлайн суҳбатда “Ўзбекистон-Греция” дўстлик жамияти раиси М.Ашуров дўстлик жамиятлари фаолиятини янада ривожлантириш мақсадида миллатлараро ва халқаро алоқаларга оид мавзуларда кўплаб грантлар эълон қилиниши кераклигини ҳамда ушбу грантларда дўстлик жамиятларини кенг жалб қилиш таклифини берди.
“Ўзбекистон-Литва” дўстлик жамияти раис ўринбосари К.Каримов мамлакатимизда ҳар соҳада ташқи алоқаларнинг самарали давом эттирилаётгани, кенг кўламли ислоҳотларни ва демократик ўзгаришларни муваффақиятли рўёбга чиқарилиши, халқаро майдонда юртимиз нуфузини мустаҳкамлашга ва аҳоли фаровонлигининг ошишида дўстлик жамиятлари ҳам муносиб ҳисса қўшаётганини таъкидлади.
“Ўзбекистон-Бельгия” дўстлик жамияти ижрочи директори С.Сангинов дўстлик жамиятларида раҳбариятнинг тўлиқ шакллантирилмаганлиги иш фаолиятини олиб боришга тўсқинлик қилаётганлиги, дўстлик жамиятлари ташкилотларга эмас шахсларга бириктирилганлиги, бундай ҳолларда дўстлик жамиятининг самарадорлиги ташкилот раҳбарининг фаоллиги ва ушбу жамоатчилик ишига нечоғлик қизиқишига боғлиқ бўлиши, одатда жамиятларда раисларнинг қўнимсизлиги уларни бир ишдан бошқа ишга ўтиши натижасида иш фаолияти тўхтаб қолиши, жамиятга янги раис сайлаш тез ҳал қилинмаслиги, бунинг натижасида ўрнатилган халқаро алоқалар тўхтаб қолиши ҳақида фикрлар билдирди.
Онлайн учрашув иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволлар билан дўстлик жамиятлари ва ҳамкор ташкилот қатнашчиларига мурожаат қилишди. Тадбир кўтаринки руҳда ўтказилиб, иштирокчилар келгусида ҳам дўстлик жамиятлари фаолиятини янада ривожлантириш мақсадида бундай учрашувларни тез-тез ўтказишни келишиб олдилар.