Ўзбекистон – умумий уйимиз
Пойтахтимиздаги “Туркистон“ саройида Бағрикенглик ҳафталиги доирасида “Ўзбекистон – умумий уйимиз“ анъанавий дўстлик фестивалининг ғолиб ва совриндорлари иштирокида гала-концерт бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси томонидан ташкил этилган ушбу фестивалнинг ўзига хос сарҳисобига миллий маданий марказлар, дўстлик жамиятлари, юртимизда фаолият кўрсатаётган хорижий дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари, ёшлар, санъат мухлислари таклиф этилди.

Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустам Қурбонов ва бошқалар бундай ижодий фестиваллар ёшларни эзгу фазилатлар руҳидан тарбиялашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

“Ўзбекистон – умумий уйимиз“ дўстлик фестивалнинг илк босқичлари мамлакатимизнинг туман ва шаҳарларида, олис ва чекка ҳудудларида ғоят кўтаринки руҳда ўтказилиб, унда турли миллат ва элатга мансуб ҳамюртларимиз, санъатга меҳри баланд ёшлар фаол қатнашди.
Бадиий ижро маҳорати энг мукаммал деб топилган иштирокчилар фестивалнинг якуний босқичида ўз дастурини намойиш этиш имконига эга бўлдилар.
“Туркистон“ саройида мусиқа, хореография, анъанавий ва академик хонандаликнинг юксак намуналари томошабинлар эътиборига ҳавола этилди.

…Гулларга бурканган саҳнада корейс қизлари гоҳ “Мустаҳзод“, гоҳи “Лазги“ни маросимга етказиб ижро этади. Немис миллий маданий марказининг фаол ёшлари “Андижон полька“сига рақсга тушганида, завқи баланд томошабинлар уларга қўшилиб залда ўйнади. Устоз Абдулла Ориповнинг “Мен нечун севаман Ўзбекистонни?!“ шеъри турли миллат ёшлари томонидан она тилимизда ёд айтилганида, қарсакларнинг охири кўринмасди. Турли миллат ва элатларнинг мусиқий ижодиётидан намуналар ижро этилса-да, иштирокчиларнинг бари ўзини шу табаррук диёр, жонажон Ўзбекистонимизнинг фарзанди, деб ҳис этиши мазкур фестивалда яна бир бор ўз тасдиғиги топди.
Миллий маданий марказларнинг бадиий жамоалари, таниқли санъат усталари ва ижрочи ёшлар иштирокидаги концерт ғоят самимий, жўшқин ва файзли ўтди.
Назокат УСМОНОВА, Ғайратилла ШУКУРОВ (сурат), ЎзА