Хива туманида Давлат хизматлари марказининг янги қуриб битказилган биноси фойдаланишга топширилди.
Замонавий андозалар асосида жиҳозланган бинода аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун барча қулайликлар яратилган. Инвесторларга хизмат кўрсатиш хонаси, кутиш зали, кутубхона, ёш болали оналар учун махсус жиҳозланган хона, овқатланиш хонаси кабилар ташриф буюрувчилар хизматига шай. Электрон навбат тизими 4 та мониторда акс этиб туради. Интернетдан фойдаланувчилар учун бепул Wi-fi тизими ўрнатилган.
– Илгари икки-уч ҳафтада битадиган ишларнинг ҳал бўлиш муддати бугунги кунга келиб, икки-уч дақиқа ёки икки кунгача қисқарди. Бу биз, мурожаатчиларнинг вақтини тежаш баробарида, идорама-идора, узундан-узоқ навбатларда сарсон-саргардон бўлишимизнинг олдини олди, — дейди хивалик меҳнат фахрийси Ш.Машарипов.

Аҳолининг давлат хизматларига бўлган эҳтиёжини қаноатлантириш юртбошимизнинг “Халқимиз биздан рози бўлса, ишимизда барака ва унум бўлади”, деган ибратли сўзлари ўз исботини топаётганидан далолатдир.
Янги бинонинг очилиш маросимида қатнашган Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов марказ фаолияти билан яқиндан танишиб, аҳолига қулайликлар яратиш бўйича қўшимча тавсиялар берди.

Шоназар ҚОРИЕВ (сурат), ЎзА