2020 год glavnaya Популярные новости

«Давлат тили ҳақида»ги қонун қабул қилинганининг ўттиз йиллиги кенг нишонланади

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Журналистлар ижодий уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва жамоатчилик вакилларининг жорий йилнинг октябрь ойида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини мамлакатимизда кенг нишонлаш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.

Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита таркиби;

Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллиги муносабати билан ўтказиладиган оммавий маънавий-маърифий чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Ташкилий қўмита (А.Арипов):

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда мутасадди вазирлик ва идоралар билан биргаликда Дастурда назарда тутилган тадбирларнинг пухта тайёргарлик асосида, юқори савияда ўтказилишини таъминлайди;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳридаги барча шаҳар ва туманларда байрам тадбирларини ташкил этади;

умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўзбек тили мавзусида иншолар танловини ўтказади;

мамлакатимиздаги театрлар ва кинотеатрларда, маданият саройларида буюк алломаларимиз ҳақидаги спектакллар, бадиий ва ҳужжатли фильмлар намойишини ташкил этади;

“Ўзбек тили тараққиёти ва халқаро ҳамкорлик масалалари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ҳамда “Ўзбек тилшунослигининг долзарб масалалари” мавзусида республика конференциясини ўтказади;

ўзбек адабий тилининг асосчиси, буюк мутафаккир шоиримиз Алишер Навоийга Тошкент шаҳридаги Миллий боғда, шунингдек, вилоят ва шаҳарларда ўрнатилган ҳайкаллар пойига гул қўйиш маросимини уюштиради;

мамлакатимизнинг хориждаги элчихоналари ва дипломатик ваколатхоналарида ўзбек тилига бағишланган байрам тадбирларини ўтказади ва “Ўзбек тилининг дўстлари” клубларини тузади;

мамлакатимизда янгитдан ташкил этилиб, фаолият кўрсатаётган Муҳаммад Ризо Огаҳий, Исҳоқхон Ибрат, Абдулла Қодирий, Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Ибройим Юсупов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ҳалима Худойбердиева, Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактабларида она тилига бағишланган маънавий-маърифий тадбирларни ўтказади;

ҳудудларда тил байрамига бағишланган адабий-маърифий кечалар ҳамда янги китоблар тақдимотини амалга оширади;

21 октябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги санъат саройларида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали байрам тадбирларини ташкил этади.

Белгилаб қўйилишича, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳри маҳаллий бюджетлари даромадларининг орттириб бажарилган қисмидан, шунингдек, ҳомийлик хайриялари ҳисобидан қопланади.