2021 йил Bosh-sahifa-kir Янги Ўзбекистон

Душанбе шаҳрида доимий фаолият кўрсатадиган «Made in Uzbekistan» Миллий кўргазмалар зали очилди

Тожикистон пойтахтида  Ўзбекистоннинг 15 та саноат ишлаб чиқарувчилари ўз маҳсулотларини тақдим этаётган «Made in Uzbekistan» Миллий кўргазмалар зали (шоурум) очилди.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (ИТСВ) манбасига кўра,  мамлакатимиз экспорт салоҳиятини илгари суришга қаратилган ушбу ташаббус ИТСВ  ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан амалга оширилди.

Доимий равишда фаолият кўрсатадиган шоурум майдони 600 квадрат метрни ташкил қилади. Унда намойиш этиладиган маҳсулотлар ассортименти қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари, қурилиш материаллари, тўқимачилик ва тайёр кийим-кечак, чарм аксессуарлари ва турли хил пойабзал маҳсулотлари, ипак мато ва буюмлари, электроника ва маиший техника, мебель, сантехника ва заргарлик буюмлари намуналарини ўз ичига олади.

Кўргазма майдони ҳисобланган шоурум бир вақтнинг ўзида музокаралар ўтказиш ҳамда ишлаб чиқарувчилар ва мижозлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш учун платформа вазифасини бажаради. Шу ернинг ўзида маҳаллий хомашё базаси ва бозор эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда саноат кооперациясини ривожлантириш ва қўшма корхоналар ташкил этиш истиқболлари ҳам муҳокама этилмоқда.

Ўзбек ишлаб чиқарувчиларининг фикрига кўра, Тожикистон бозори ривожланиш учун улкан салоҳиятга эга. Шоурум фаолиятининг биринчи кунларидаёқ меҳмонларнинг, жумладан, харидорлар ва бўлажак бизнес ҳамкорларнинг унга бўлган катта қизиқиши кузатилди.

Айрим қурилиш материаллари ва чарм маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари Тожикистонга маҳсулот етказиб бериш ҳамда бу борада яқин келажакда экспорт шартномаларини тасдиқлаш бўйича дастлабки келишувларга эришдилар.

Шоурум Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги савдо алоқаларини ривожлантириш ва Тожикистон ишбилармон доираларини мамлакатимиз саноат салоҳияти билан таништиришнинг самарали воситасига айланиши кутилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев 10-11 июнь кунлари Тожикистонга расмий ташрифи давомида товар айирбошлашдаги ижобий суръатга қарамай, келгуси йилда уни икки баробарга кўпайтириш учун янги «ўсиш нуқталари»ни топиш муҳимлигини таъкидлади.