2022 йил Bosh-sahifa-kir Янги Ўзбекистон

“Энг улуғ, энг азиз” танлови ғолиблари тақдирланди

Миллий матбуот марказида Ватанимиз мустақиллигининг 31 йиллигига бағишланган ҳамда “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” деган бош ғояни ўзида мужассам этган “Энг улуғ, энг азиз” анъанавий кўрик-танловининг Республика босқичи ғолибларини тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Унда турли вазирлик ва идоралар, ижодий ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди. Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан ташкил этилган ушбу танлов Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий медиа ассоциацияси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Кинематография агентлиги, Миллий телерадиокомпания, Бадиий академия Республика “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси ҳамкорлигида ўтказилди.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров 8 сентябрь юртимиз оммавий ахборот воситалари ходимлари учун ҳам ўзига хос байрам эканини таъкидлади. Зеро, 8 сентябрь – Халқаро журналистлар бирдамлиги куни сифатида нишонланмоқда.

Тадбирда журналистлар учун кенг имконият ва шароитлар яратилаётгани таъкидланди. Айтиш жоизки, буларнинг барчаси медиа соҳа вакиллари учун кўрсатилаётган эътиборда яққол намоён бўлмоқда.

“Энг улуғ, энг азиз” республика танловида 491 нафар иштирокчи ўзининг икки мингдан зиёд ижодий иши билан қатнашди. Жумладан, “Босма оммавий ахборот воситалари ходимларининг журналистик ишлари”, “Телевидение ва радио ижодкорларнинг материаллари”, “Интернет-журналистика”, “Журналистлар томонидан нашр этилган публицистик мавзудаги китоблар”, “Кино санъати асарлари”, “Ёзувчи ва шоирларнинг бадиий асарлари”, “Тасвирий санъат, фото асарлари ва дизайн ишлари” йўналишлари бўйича  ижодий ишлар келиб тушган.

Тадбирда қайд этилганидек, янгиланаётган Ўзбекистон “Инсон қадри устувор бўлган жамият ва халқпарвар давлат” ғояси негизида барпо этилмоқда. Давлатимиз раҳбари белгилаб берган бу улуғвор мақсад асосида халқимиз янгидан-янги ислоҳотларнинг ҳақиқий муаллифига айланиб бормоқда.

Шу муносабат билан “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси” сари тамойили асосида кейинги беш йилликда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг зарур сиёсий, ҳуқуқий, ижтимоий, иқтисодий, илмий, маърифий асосларни яратиб беришга оид ўзгаришларни кенг акс эттирган ижодий ишларни танлаб олишга катта эътибор қаратилди.

Бу каби танловлар натижаси ўлароқ, мамлакатимизда журналистлар янада фаол, дадил ижод қила бошладилар. Айни пайтда ўз ечимини кутаётган танқидий-тахлилий материаллар янада кўпайди. “Энг улуғ, энг азиз” Республика анъанавий танлови ғолиблари сафида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги мухбири Абдували Бўриевнинг ҳам борлиги эътиборга моликдир. “Энг улуғ, энг азиз” танлови ижодкорларни янада фаол бўлишга даъват этаётгани билан медиа, адабиёт, тасвирий санъат, кинематография каби соҳалар вакилларини янада кўпроқ изланишга ундамоқда.

– Таассуфки, биз бугун одамлар газета ва журнал ўқимай қўйган даврда яшаяпмиз, – деди “Журналистлар томонидан нашр этилган публицистик мавзудаги китоблар” номинацияси 1-ўрин соҳиби Ҳусан Карвонли. – “Ўзбек шахматининг олтин авлоди” китоби ўн йил мобайнида яратилган китоб. Сабаби унда шахмат бўйича жаҳон чемпиони бўлган ёшларимизнинг зафарли фаолияти йилма-йил кузатиб, китоб ҳолида нашр этилган. Ижодкорларга ҳозиргидек эътибор янада самарали меҳнат қилишга ундайди.

Тадбирда “Энг улуғ, энг азиз” Республика анъанавий танлови ғолиблари  диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Назокат Усмонова, 
ЎзА мухбири