2020 йил glavnaya Популярные новости Янги Ўзбекистон

ЕТТБ Ўзбекистон банкларига ёрдам тариқасида 220 млн доллар кредит линиялари ажратади

Европа тикланиш ва тараққиёт банки томонидан шакллантирилган, умумий миқдори 1 миллиард доллар бўлган «Бирдамлик пакети» ҳисобидан тўртта ўзбек тижорат банкларига умумий қиймати 220 миллион доллар бўлган кичик ва ўрта бизнес лойиҳаларини молиялаштириш учун кредит линиялари ва савдони молиялаштириш линиялари тақдим этилади. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги маълум қилди.

Қайд этилишича, 7 апрель куни инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов ЕТТБ президенти Сума Чакрабарти билан видеоконференция орқали мулоқотида Ўзбекистон томонидан берилган сўровга жавобан ушбу масала муҳокама қилинган.

Шу билан бирга, аҳоли ва корхоналар томонидан тўлаб бориладиган коммунал тўловлар тушумларини пасайиши сабабли қийинчиликка дуч келган ҳудудий коммунал корхоналарнинг айланма капиталини қўллаб-қувватлаш учун ЕТТБ 100 миллион доллар миқдоригача бўлган молиялаштиришни тақдим этиш масаласини кўриб чиқмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус сабабли юзага келадиган иқтисодий муаммоларга қарши курашиш учун 10 триллион сўм ажратилган.

Президент Шавкат Мирзиёев 9 апрель куни коронавирус пандемияси шароитида Ўзбекистон банк тизимининг барқарор ишлашини ҳамда иқтисодиётга молиявий кўмакчи бўлишини таъминлаш масалалари бўйича ўтказган йиғилишда иш ҳақини тўлаш учун корхоналарга кредитлар ажратиш зарурлигини таъкидлаганди.