2021 йил glavnaya Мероприятия Янги Ўзбекистон

“Европа Иттифоқи -Ўзбекистон” дўстлик гуруҳи ташкил этилди

2021 йил 29 апрель куни Европа парламентида ташкил этилган “Европа Иттифоқи – Ўзбекистон” дўстлик гуруҳининг видеоконференцалоқа шаклида очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Европа парламенти депутатлари Ришард Чарнецки, Фульвио Мартушелло, Адриан Васкес Ласара ва бошқалар, Европа ташқи ҳаракатлар хизмати бошқарувчи директорининг ўринбосари Люк Девин, Европанинг эксперт-таҳлилий ва ишбилармон доиралари, шунингдек, ОАВ вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон томонидан Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустамбек Қурбонов, қолаверса, Ўзбекистон парламентининг Европарламент билан ҳамкорлик гуруҳининг барча аъзолари қатнашди.

Сўзга чиққанлар ЕИ ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик ривожланганлигини таъкидлаб, Европа парламентида “ЕИ – Ўзбекистон” дўстлик гуруҳи ташкил этилиши ўзаро алоқаларни бойитишга, сиёсий ва ишбилармон доиралар вакиллари, шунингдек, фуқаролик жамияти ўртасида юқори даражада мулоқот ўрнатишга хизмат қилишини қайд этди.

Ришард Чарнецки (Польша), Фульвио Мартушелло (Италия), Адриан Васкес Ласара (Испания), Атидже Алиева-Вели (Болгария), Тиерри Мариани (Франция), Татьяна Жданока (Латвия), Иулиу Винклер (Руминия) и Никлас Нинас (Германия) ушбу гуруҳ таъсисчилари бўлди.

Европа парламенти депутати Ришард Чарнецки гуруҳ раиси, унинг сиёсий маслаҳатчиси Ипек Текдемир эса бош котиб бўлди.

Европа парламенти депутати Ришард Чарнецки мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади ҳамда “ЕИ – Ўзбекистон” дўстлик гуруҳи ташкил этилиши Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларнинг муҳим босқичи эканлигини таъкидлади.

Европа томони Ўзбекистон янада яқин халқаро ҳамкорлик учун очиқ эканлигини, инвестициялар ва иқтисодий ўсиш учун шароитлар яратилганлигини таъкидлади. Хусусан, европалик инвесторларнинг давлатимизга бўлган қизиқиши сезиларли даражада ошганлиги кузатилди. Мамлакат Собиқ Иттифоқ ҳудудидаги иқтисодиёти энг кучли давлатлардан бирига айланиш салоҳиятига эга.

“Ўзбекистон – ЕИ” парламент ҳамкорлик қўмитаси ҳар доим янги таъсис этилган дўстлик гуруҳи билан биргаликда режалар ишлаб чиқишга ва бу йўналишда ҳамкорлик қилишга тайёрлиги таъкидланди.

Ўзбекистоннинг GSP+ тизими бенефициар – мамлакати мақомини олиши республикада олиб борилаётган ислоҳотларнинг, шу жумладан, ишбилармонлик муҳитини яхшилашга қаратилган ислоҳотларнинг эътирофи ҳисобланади.