2019 йил Bosh-sahifa-kir

Гул ва Наврўз

Шу кунларда Тошкент фотосуратлар уйида Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, фоторассом, шоира Назира Боймуродованинг  “Гул ва Наврўз” номли навбатдаги шахсий фотокўргазмаси давом этаяпти. Кўргазманинг айнан Наврўз айёми арафасида ўтказилишида катта маъно бор, албатта.

Зеро, ижод аҳли борки, баҳор нафосатини, гул ва аёл назокатини, умумхалқ байрами ҳисобланган Наврўз айёмининг тароватини мадҳ этишни яхши кўришади. Назира Боймуродова ҳам ана шу ўлмас мавзулар орқали ўз асарларида Она Ватанга бўлган чексиз меҳр-муҳаббатини акс эттиришга интилган. Муаллифнинг мазкур 16-шахсий кўргазмасида бағрикенг диёримизнинг турли гўшаларида истиқомат қилувчи турли миллатга мансуб юртдошларимизнинг урф-одат ва маданияти, миллий либослари, қолаверса, бахтли болалик, аёллик нафосати, шунингдек, миллий фадрият ва анъаналаримиз, бетакрор ватан манзаралари акс этган 100дан ортиқ фотоасарлар экспозицияга қўйилган. Уларни томоша қилар экансиз, Назира Боймуродованинг ўзигагина хос бўлган ижод йўли борлигига амин бўласиз.

IMG_5312 IMG_5285 IMG_5271IMG_5260  IMG_5269

– Ўзбекистонимиз билан фахрланиб, уни севиб-ардоқлаб, мадҳ этиб яшаш менга тенгсиз куч-ғайрат, завқу-шижоат бағишлайди. Ижоднинг қайси тури билан шуғулланмай, она юрт мадҳини куйлаш асосий ўринда туради. Зеро, шоир айтганидек, “Ватандин яхши ёр бўлмас”. Ватан меҳрини юракка жо этиб яшаш, ҳар биримиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир, – дейди муаллиф.

Назира Боймуродованинг мазкур кўргазмасида унинг телевидениедаги ижодини акс эттирган фотосуратлар ҳам ўрин олган.

IMG_5331

Муаллиф ҳақида:

Ижодкор чексиз меҳр ва муҳаббатга тўла қалби билан Ўзбекистон фарзанди эканлигидан  ғурур туйиб, ҳар соҳада фаол бўлишга интилади.  Муаллиф фотография соҳасида ўтказилган кўплаб республика танловларининг ғолибидир. Айни пайтда,  “Madaniyat va ma`rifat” телеканалида фаолият олиб бораётган ижодкор “Бағрикенг диёр”, “Мозийга саёҳат”, “Уйга қайтиб”, “Зиёли хонадон”, “Бизда бори қайда бор?!”, “Нонушта вақти” кўрсатувлари орқали халқимизга яхши таниш бўлиб қолган.

IMG_5332

Фоторассомнинг “Она ва Орол”, “Гумисай”, “Қўли гул Албина”, “Улбосин опанинг ўтови”, “Қорақалпоқ қизи”, “Нигоҳ”, “Ҳунарманд ва журналист”, “Тупроққалъага йўл” каби 30+40 ўлчамдаги фотоасарлари Қорақалпоқ Давлат ўлкашунослик музейининг археология ва этнография бўлимида сақланади.

Назира Боймуродова Жиззах вилоятининг Пахтакор туманида туғилиб вояга етган. “Келажак овози” танлови ғолиби(2006й). 2011 йили Ўзбекистон Давлат Жаҳон тиллари Университетининг Халқаро журналистика фаъкультетини тамомлаган. Ижодкорнинг “Энди фақат кулиб яшайман” шеърий тўплами чоп этилган. 2011 йили Тошкент Фотосуратлар Уйи қошидаги санъат мактабини битирган.

Ютуқлари:

Ўзбекистон Бадиий академияси ва ҳамкор ташкилотлар  томонидан ўтказилган “Объективда номоддий-маданий мерос” мавзуидаги фото ва видео ҳаваскорларининг республика кўрик-танловида иштирок этиб, фото йўналиши бўйича I ўрин (2011 йил);

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги , Ўзбекистон Бадиий академияси, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ташкил этилган   “Биз – бунёдкор халқмиз” фотоасарлар республика танловида III  ўрин (2011 йил);

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ташкил этилган   “Мустаҳкам оила – жамият таянчи” танловида II ўрин (2012 йил);

“Top Art-2011” танловида санъат соҳасини кенг тарғиб қилгани учун фаол журналист дея эътироф этилган.

VI Халқаро фотобиеннале иштирокчиси (2012 йил).

“Энг улуғ, энг азиз” республика анъанавий танловининг телевидение йўналиши бўйича I ўрин соҳибаси  (2017 йил)