2020 йил glavnaya

Хабаровск ўлкасида Ўзбекистон маданияти кунлари бўлиб ўтмоқда

Шу кунларда Хабаровск ўлкасида ўзбек халқи миллий анъаналари ва амалий санъатига бағишланган Ўзбекистон маданияти кунлари бўлиб ўтмоқда.

Лойиҳа «Хабаровск ўлкаси халқлари ассамблеяси» жамоат ташкилоти ва Узоқ Шарқ давлат илмий кутубхонаси (УШДК) ташаббуси билан амалга оширилмоқда.

Жорий йилнинг 18 сентябрь куни маҳаллий вақт билан соат 20.00 да (Тошкент вақти билан соат 15.00 да) “6ТВ” канали орқали  намойиш этиладиган «Ўзбекистон менинг қалбимда» теледастури тадбирнинг муҳим воқеаси бўлиши кутилмоқда.

Узоқ Шарқ давлат илмий кутубхонаси расмий веб-сайтида (https://www.fessl.ru) телевизион дастур намойиш этилади ва лойиҳа иштирокчилари қуйидаги муҳим тадбирларда иштирок этишлари мумкин:

– қадимги эпик асарлар, ХIV асрдан ХХ аср бошларигача бўлган давр шеърияти ва замонавий ўзбек адабиётининг энг кўзга кўринган намояндалари ижод маҳсуллари, бир сўз билан айтганда, ўзбек насри ва шеъриятининг барча турларини қамраб оладиган «Ўзбекистоннинг адабий мероси» виртуал кўргазмаси;

– ташриф буюрувчиларнинг Ўзбекистон тарихи ва маданияти ҳақидаги билимларини синовдан ўтказиш имконини берувчи «Ажойиб Ўзбекистон» онлайн викторинаси.

Маълумот ўрнида, Хабаровск ўлкасини ҳам қамраб олган Владивостокдаги Ўзбекистон Бош консулхонаси маълумотига кўра, ушбу минтақада 20 минг нафарга яқин Ўзбекистон фуқароси истиқомат қилади.

Бош консул Рустам Исмоилов сентябрь ойи бошларида Хабаровск ўлкасида бўлиб, у ерда Ўзбекистон маданият кунлари доирасидаги тадбирларда қатнашди, вилоят ҳудудида вақтинча истиқомат қилаётган ватандошлар билан учрашди, уларнинг яшаш ва меҳнат шароити билан танишди.

Учрашувлар давомида консуллик ва ҳуқуқий масалаларга оид саволларга жавоб қайтарилди.