2021 йил Bosh-sahifa-kir Янги Ўзбекистон

“Халқаро бағрикенглик куни”га бағишланган Халқаро пресс-клуб сессияси бўлиб ўтди

16 ноябрь БМТ Бош Ассамблеясининг қарорига кўра, 1997 йилдан буён ушбу сана бутун дунёда “Халқаро бағрикенглик куни” сифатида нишонланиб келинади. 2019 йилдан давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бу сана Ўзбекистонда ҳафталик тарзида кенг нишонланиб келинмоқда. Бу йил ҳам ушбу анъана давом этиб, “Маърифат ва миллатлараро бағрикенглик” шиори остида “Бағрикенглик ҳафталиги” бўлиб ўтади. 7 кун давомида ҳафталик доирасида брифинг, давра суҳбатлари, конференциялар, фотокўргазма ва бошқа маданий-маърифий ва илмий-амалий тадбирлар ўтказилади.

Ўзбекистон бугун бутун дунё мамлакатлари учун бағрикенглик намуналарини ўзида мужассам этган давлат сифатида намуна бўлмоқда. Ўзбекистоннинг бу кўп асрлик тажрибаси ўзбек миллатига хос бағрикенглик хусусиятлари Марказий Осиё ва бошқа ривожланган мамлакатлар учун андоза бўлиб хизмат қилади, деб айта оламиз.

Жорий йилнинг 15 ноябрь куни Халқаро пресс-клубнинг “Бағрикенглик ҳафталиги”га бағишланган навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Унда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Дин ишлари бўйича қўмита раҳбарияти, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ташқи ишлар вазирлиги қошидаги Марказий Осиё халқаро институти раҳбарлари, Ўзбекистондаги Россия Федерацияси, Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон ва Қирғизистон Республикалари элчихоналари ходимлари, депутутлар, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда Миллий маданий марказлар раислари ва дўстлик жамиятлари ижрочи директорлари иштирок этишди.

Тадбирлар ташкилотчиси – Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси. Ҳамкорлар — Дин ишлари бўйича қўмита, Халқаро ислом академияси, Ташқи ишлар, Адлия, Маданият, Олий таълим вазирлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар.

Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси Рустамбек Курбанов Ўзбекистонда яратилган миллатлараро миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини ривожлантиришнинг ҳуқуқий асослари, мамлакатимиздаги миллий маданий марказлар фаолияти, моддий-техника базасини яхшилаш мақсадида давлат томонидан қандай қўллаб-қувватлаш чоралари ҳақида маъумот берди. Жумладан, 2021 йил 19 март куни Самарқанд шаҳрида Давлат бюджети ҳисобидан 5 млрд. сўм маблағ эвазига 58 та иш хонаси, 4 та фаоллар зали, 3 та музей ва кутубхонадан иборат “Дўстлик уйи” фойдаланишга топширилгани,  Фарғона вилояти ҳокимлиги томонидан 2020 йил август ойида вилоятдаги 8 та миллий маданий марказнинг ҳар бирига биттадан ДАМАС русумли автомобиль ва 62 млн сўмдан, жами 496 млн сўм топширилди. Шунингдек Риштон туманида фаолият юритаётган “Ўзбек-тожик” дўстлик жамияти фаолиятини янада яхшилаш, жамият қошидаги “Ўзбек-тожик” маданият маркази биносини керакли жиҳозлар билан таъминлаш мақсадида 150 млн. сўм миқдоридаги маблағ уларнинг ҳисоб рақамларига ўтказиб берилгани хусусида тўхталиб ўтди.

Ўзбекистон корейс маданият марказлари уюшмаси раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати  ПАК Виктор Николаевич Ўзбекистон ва Корея ҳамкорлик алоқаларининг 18 асрларда бошлангани, 1937 йилда корейс миллати вакиллари Ўзбекистонга кўчиб ўтганлари, ўзбек халқи корейс миллати вакилларини кутиб олганлиги ҳақида, 2022 йилда корейс миллати вакилларини Ўзбекистон ҳудудига кўчиб ўтганларини 85 йиллигини нишонлаш тўғрисида тўлқилланиб гапириб берди.

Шунингдек, Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган тожик, турк, қозоқ, қирғиз, украин, рус миллий маданий марказлар раислари ва халқаро ташкилотлар вакиллари, диний конфессиялар мутасаддилари юртимизда олиб борилаётган миллий сиёсат, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик ўз фикрларини билдиришди.

Ҳафталикнинг асосий мақсади аҳоли, шу жумладан болалар ва ёшларда фуқаролик бурчини англаш, ватанпарварлик, шаън ва қадр-қиммат, фуқаролик масъулияти, шунингдек бағрикенгликка асосланган миллатлараро муомала маданияти хис-туйғусини мустаҳкамлаш орқали уларнинг жамият ривожидаги иштирокини фаоллаштириш, миллатлараро тотувлик ва конфессиялараро бағрикенглик ҳиссини янада кучайтиришга хизмат қилиш.

Пресс-клуб қатнашчилари турли этник гуруҳларга мансуб кишиларнинг турмуш тарзига, хатти-ҳаракатига, туйғуларига, фикрига, ғоялари ва эътиқодларига кенг феъллик ва сабр-тоқатлилик кўрсатишни тақозо этувчи асосий демократик принциплардан бири сифатада бағрикенглик нафақат давлат, балки шахсий, кишилар гуруҳлари даражасида ҳам янада кўпрок қарор топаётганлигини таъкидлаб ўтишди.

Хозирги кунда Ўзбекистон 130дан ортиқ миллат ва элатлар вакиллари учун умумий уй ҳисобланади, мамлакатимизда уларнинг маънавий бойиши ва маданий тараққиёти учун тенг шароитлар яратилган. Мамлакатимиз ҳудудида анъанавий ислом дини билан бир қаторда 16 та диний конфессиялар фаолият кўрсатмоқда. Чуқур ўйланган миллий ва диний сиёсат туфайли Ўзбекистонда миллатлараро ва динлараро тарқоқлик тўсиғи бартараф этилган.

Шунингдек, пресс-клубда бағрикенглик қоидалари Асосий Қонунимизда — Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ўз аксини топган бўлиб, унда мамлакат фуқароларига, уларнинг миллий, этник ва диний мансублигидан қатьи назар, тенг ҳуқуқлар тақдим этилганлиги таъкидлаб ўтилди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18-моддасида қуйидагича ёзилган: «Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатьи назар, қонун олдида тенгдирлар».

Айтиш жоизки, тобора глобаллашиб, халқлар ва давлатлараро интеграция жараёнлари жадаллашиб бораётган бугунги кунда миллатлараро тотувлик ва конфессиялараро бағрикенгликни таъминлаш нафақат Ўзбекистон, балки дунёнинг барча мамлакатлари учун долзарб масала ҳисобланади. Дунёда қанча миллат, халқ бўлса, ҳар бири ўзига хос феъли, урф-одатларга эга. Инсонпарварлик, бағрикенглик қаторида миллатлараро тотувликка интилиш азалдан халқимизнинг юксак фазилати ҳисобланган.

Таассуфки, ҳозирги кунда тинчлик ва ҳамжиҳатликка рахна солувчи иллатлар кўп. Айниқса, мамлакат келажаги бўлган ёшларни диний, ирқий, ҳудудий миллатчиликдан асраш жуда муҳимдир.

Ёшларнинг жамият ривожидаги иштирокини фаоллаштириш, уларни республикада истиқомат қилаётган миллатлар тили, маданияти, анъаналари ва урф-одатларини асраш, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, миллатлараро тотувлик ва конфессиялараро бағрикенглик ҳиссини янада кучайтиришга хизмат қилиши юртимизда кенг нишонланадиган “Бағрикенглик ҳафталиги”нинг бош мақсади ҳисобланади.