2022 йил Bosh-sahifa-kir

Бағрикенглик ҳафталиги якунига бағишланган Халқаро пресс-клуб сессияси

БМТ Бош ассамблеясининг қарорига кўра, 1997 йилдан буён
16 ноябрь ҳар йили бутун дунёда “Халқаро бағрикенглик куни” сифатида нишонланиб келинади. Бу санани бизда, Ўзбекистонда нишонлаш ҳам яхши анъанага айланган.

Ўзбекистон бугун бутун дунё мамлакатлари учун бағрикенглик намуналарини ўзида мужассам этган давлат сифатида намуна бўлиши мумкин. Ўзбекистоннинг бу кўп асрлик тажрибаси ўзбек миллатига хос бағрикенглик хусусиятлари Марказий Осиё ва бошқа ривожланган мамлакатлар учун андоза бўлиб хизмат қилади, деб айта оламиз.

Мазкур муҳим вазифаларни амалга ошириш мақсадида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси томонидан қатор ҳамкор ташкилотлар билан бирга Халқаро бағрикенглик кунига бағишлаб 15-20 ноябрь кунлари “Маърифат ва миллатлараро бағрикенглик” шиори остида Бағрикенглик ҳафталиги”  ўтказилди.

Ҳафталик давомида турли маданий, маънавий-марифий ва илмий-амалий тадбирлар бўлиб ўтди. Тадбирлар ташкилотчисиМиллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси. Ҳамкорлар — Дин ишлари бўйича қўмита, Халқаро ислом академияси, Ташқи ишлар, Адлия, Маданият, Олий таълим вазирлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар.

Дастур доирасида 21 ноябрь куни Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг Медиа марказида Бағрикенглик ҳафталиги якунига бағишлаб Халқаро пресс-клуб сессияси ташкил этилди. Унда Қўмита раҳбарияти ва масъул ходимлари, миллий маданий марказлар раислари ва фаоллари, дўстлик жамиятлари ижрочи директорлари, диний конфессия вакиллари ва ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Ҳафталикнинг асосий мақсади аҳоли, шу жумладан болалар ва ёшларда фуқаролик бурчини англаш, ватанпарварлик, шаън ва қадр-қиммат, фуқаролик масъулияти, шунингдек бағрикенгликка асосланган миллатлараро муомала маданияти хис-туйғусини мустаҳкамлаш орқали уларнинг жамият ривожидаги иштирокини фаоллаштириш, миллатлараро тотувлик ва конфессиялараро бағрикенглик ҳиссини янада кучайтиришга хизмат қилиш.

Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси ўринбосари Азамат Тошев ҳафталик доирасида бўлиб ўтган тадбирлар ҳусусида батафсил маълумот бериб, миллатлараро тотувликни таъминлашда Қўмита томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар юзасидан ахборот берди. Шунингдек, давлатимизда турли миллат вакилларига яратиб берилаётган шароитларга алоҳида урғу бериб ўтди.

Сессия ишида Республика Маънавият ва маърифат маркази бўлим бошлиғи Маҳфират Зикирова ва Ўзбекистон қирғиз миллий маданий маркази раиси Раҳматулла Жаборов ўз фикр ва мулоҳаларини билдирди.

Спикерлар томонидан ҳафталик доирасида ўтказилган тадбирлар аҳолини, айниқса ёш авлодни республикамизда яшаётган миллат ва элат вакилларининг тили, маданияти, анъаналари ва урф-одатларини сақлаш ва ривожлантиришга фаол жалб этишга, мамлакатимиз тараққиётига ўз ҳиссасини қўшишга, жамиятда кўпмиллатли катта оила туйғусини, миллатлараро тоттувлик ва бағрикенгликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.

Қўмита матбуот хизмати