2022 йил Bosh-sahifa-kir

“Халқлар дўстлиги” маҳалласи янада обод бўлади

Наманган вилоятидаги саккиз юзга яқин маҳаллалар орасида “Халқлар дўстлиги” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ўз номига муносиб турли миллат вакилларидан иборат аҳоли яшайди.

Наманган шаҳри таркибидаги Давлатобод туманида жойлашган ушбу маҳаллада бугунги кунда ўндан зиёд турли миллат ва элатга мансуб 3 минг 126 нафар аҳоли истиқомат қилади. Кўп қаватли уйлардан иборат 1 минг 749 та хонадонда ўзбеклардан ташқари, қирғиз, қозоқ, тожик, қорақалпоқ, уйғур, рус, корейс, озар, татар сингари миллатларга мансуб фуқаролар бир оиладек, ўзаро аҳиллик ва тотувликда яшайди. Улар Ўзбекистонни – ўз уйи, Ватани ҳисоблаб, шу юрт истиқболи учун ўзларини дахлдор ҳис этишади.

Халқлар дўстлиги маҳалласида Президентимиз фармони асосида тасдиқланган “Обод маҳалла” дастури доирасида кенг қамровли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Ҳудудлардаги ободончилик жараёнларини мунтазам равишда ўрганиб борувчи Наманган вилояти ҳокими бошчилигидаги Ишчи гуруҳи мазкур гўшага келиб, дастур борасида амалга оширилаётган ишларни кўздан кечирди.

Вилоят раҳбари Шавкат Абдураззоқов маҳалланинг 3-7 ёшдаги болажонларини ўз бағрига олган 34-сонли мактабгача таълим ташкилотида кечаётган мукаммал таъмирлаш ишларини назорат қилди. Боғчадаги бунёдкорлик замон талаблари асосида маромига етказилиши зарурлигини уқтириб, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди. Шунингдек, Ишчи гуруҳи Халқлар дўстлиги ва Гулобод маҳаллаларини боғловчи Шимолий Фарғона канали устидан ўтувчи кўприкни тўлиқ таъмирлаш жараёнлари билан танишди. Ушбу кўприкдан узоқ йиллар фақат пиёдаларга хизмат кўрсатган. Кўприк автомобиллар қатнови учун яроқсиз ҳолатда эди. Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида бошланган қурилиш ишлари вилоят ва туман ҳокимликлари томонидан доимий назорат қилиб келинмоқда.

Мазкур кўприкнинг очилиши одамлар узоғини яқин, мушкулини осон қилиш асносида, “Қўқумбой” шоҳ кўчасидаги сервислар учун хизмат кўрсатиш суръатини ҳам оширади. Халқлар дўстлигида кўча ва йўллар инфратузилмасига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, “Ғалаба” кўчасида 300 метр ичимлик сув тармоғини алмаштириш мақсадида ер кавлаш ишлари бажарилиб, тармоқ тортиш ишлари авжида. Қолаверса, аҳолига узлуксиз коммунал хизматлар кўрсатиш давомийлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатобод тумани электр таъминоти корхонаси томонидан 4,5 километр янги замонавий электр тармоқ қуриш ҳамда бетон таянчлар ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.

Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, маҳаллада жами 43 та кўп қаватли уй мавжуд, барча уйларни таъмирлаш режалаштирилган. Ҳозирга кунга қадар 34 та кўп қаватли уйнинг ташқи фасад қисмлари тўлиқ таъмирдан чиқарилиб, 18 та кўп қаватли уйнинг 54 та кириш йўлаклари мукаммал таъмирланди.

– Ўттиз беш йил давомида автобус саройида иқтисодчи вазифасида ишлаб, юртимиз ривожига озми-кўпми ҳиссам қўшилганидан хурсандман, – дейди Халқлар дўстлиги маҳалласида яшовчи татар миллатига мансуб меҳнат фахрийси Алмира Михтасова.

– Кўп миллатли маҳалламизда ҳеч ким бир-бирини ажратмайди. Иссиқ-совуқ кунларда бир-биримизга елкадош бўлиб келяпмиз. Сўнги йилларда вилоятимиз, туманимизда бўлаётган ижобий ўзгаришлардан миннатдормиз. Эришилаётган ютуқлар ўзимизники. Шу ўринда, маҳалламизда ўз ечимини кутаётган айрим муаммоларга мутасаддилар жиддий эътибор қаратишларини истардим. 4-кичик туман, 53-кўп қаватли уй рўпарасидаги “темир бутка” ҳудуд жамолига тўсиқ бўлиб турибди. Унинг ёнидаги чиқиндилар уюми ҳеч кимни ташвишга солмаяпти. Ўзим маҳалла фаоли сифатида бир неча марта олдирдим. “Мерос” савдо дўкони орқасидаги яна бир бино анчадан бери бўш, қаровсиз ётибди. Унинг эгаси ўзи тасарруф қилиши ёки бирор тадбиркорга ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш мақсадида ижарага бериб, мақсадли фойдаланиш керак эмасми?..

Дарвоқе, ушбу ҳудудда жойлашган Давлатобод туманида иссиқлик тизимини модернизация ва реконструкция қилиш ишлари қизғин тарзда амалга ошириб келинмоқда. Хитой давлатидан иситиш қозонлари келтирилди ва модернизация ишлари якуний паллага кирди.

Мазкур “РК-2” қозонхонаси нафақат Халқлар дўстлиги маҳалласи, балки “Умид”, “Янги Тонг” ва “Давлатобод” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида жойлашган 200га яқин кўп қаватли уй, 8 минг 752 та хонадон, 26 минг 136 аҳоли ҳамда 14 та ижтимоий соҳа объектини қамраб олиши билан аҳамиятлидир.

Оқилхон Дадабоев,ЎзА.