2021 йил glavnaya Янги Ўзбекистон

,,Халқ дипломатясида аёлларнинг ўрни» мавзусида халқаро онлайн давра суҳбати ташкил этилди.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида “Ўзбекистон — Франция”, “Ўзбекистон-АҚШ”, “Ўзбекистон-Латвия” дўстлик жамиятлари билан ҳамкорликда “Халқ дипломатиясида аёлларнинг ўрни” мавзусида халқаро онлайн давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда “Ўзбекистон-АҚШ”, “Ўзбекистон-Франция”, “Ўзбекистон-Латвия” дўстлик жамиятлари фаоллари, АҚШ ва Канада Бухоро яҳудийлари Конгресси, Литвадаги “Ўзбек маданий маркази” жамияти, Финляндиядаги “Юлдуз-Марказий Осиё” жамияти раислари ҳамда жамият аъзолари иштирок этдилар.

Қўмита раиси Р.Курбанов онлайн давра суҳбатни кириш сўзи билан очиб, унда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссия, Сенатда эса Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича қўмита ҳамда Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар гендер тенглигини ҳимоя қилиш бўйича комиссия ташкил этилиши Ўзбекистонда аёл зотига кўрсатилаётган катта эътибор меваси эканлигини таъкидлаб ўтди.

Ўзбекистон Миллий университети ректори И.Маджидов Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳақида тўхталиб, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш, оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш, ижтимоий-маънавий муҳитни янада барқорорлаштириш масалаларига тўхталиб ўтди.

Аёлларнинг жамиятда  сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий  ўрни ҳамда мавқеи, шунингдек, аёлларнинг давлат ва жамиятдаги ролини кучайтириш борасида фикрлар билдирилди.

Булар қаторида миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари ривожлантиришда аёлларнинг ўрни катта аҳамиятга  эгадир. Ўзбекистон ва жаҳон ҳамжамияти ўртасида халқ дипломатияси, маданий-гуманитар алоқалар, дўстлик муносабатларини мустаҳкамлашда мамлакатимиз аёлларининг ҳам ўзига хос ўрни бор. Бугунги кунда Ўзбекистон аёлларининг халқ дипломатиясидаги ролини 3 та йўналишда кўриб чиқиш мумкин.

–  Миллатлараро муносабатлар ва халқ дипломатиясини назарий асосларини ўрганиш билан шуғулланиб келаётган олима аёллар;

–  Ўзбекистон халқ дипломатиясини ривожланишига амалий ҳисса қўшиб келаётган хотин-қизлар;

–  Ўзбекистонни хорижда имиджини ошишига кўмаклашиб келаётган ватандош хотин-қизлар.

Шу ўринда Ўзбекистонда мавжуд 36 та дўстлик жамиятларида фаолият олиб бораётган хотин-қизларни Ўзбекистон халқ дипломатиясининг амалий ривожига қўшиб келаётган ҳиссалари ҳам эътиборга лойиқ. “Ўзбекистон-АҚШ”, “Ўзбекистон-Франция”, “Ўзбекистон-Болгария”, “Ўзбекистон-Афғонистон”, “Ўзбекистон-Япония”, “Ўзбекистон-Германия”, “Ўзбекистон-Малайзия”, “Ўзбекистон-Италия” каби дўстлик жамиятларида хотин-қизларнинг иштироки ва ўрни катталиги улар томонидан амалга оширилиб келинаётган ишларда ҳам яққол кўринади.

“Ўзбекистон-АҚШ” дўстлик жамияти раиси ўринбосари, Иқтисод фанлари доктори, профессор Г.Ахунова Ўзбекистонда аёлларга кўрсатилаётган эътибор, кенг имкониятлар, илмли аёлларнинг жамиятдаги ўрни, раҳбар аёллар, лидер аёллар фаолияти ҳақида айтиб ўтди. Ўзбекистон хотин қизларининг халқ дипломатиясида ҳам иштироки самарали бўлаётганини “Ўзбекистон-АҚШ” дўстлик жамиятининг фаолияти мисолида сўзлаб берди.

Онлайн тадбирда иштирок этган АҚШ ва Канада Бухоро яҳудийлари Конгресси фаоли, профессор Т.Аронова АҚШда  аёлларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётда роли ва ўрни, шунингдек, ҳокимият ва бошқарув соҳаларида лидер аёлларнинг ортиб бораётганлигини таъкидлади. Ўзбекистонда ҳам шундай жараёнлар кечаётгани, Ўзбекистон ҳукумати томонидан хотин-қизларга бу борада берилаётган имкониятлар уларни ўзларини илм-фан, санъат, спортда янада кўпроқ намойиш этиш имкониятини бераётгани, мамлакатда гендер тенглигининг муҳим исботи эканлигидан дарак бериши маълум қилинди. “Ўзбекистон-АҚШ” дўстлик жамиятининг узоқ йиллар раиси (ҳозирги кунда раис ўринбосари) бўлиб фаолият олиб борган профессор Г.Ахунова томонидан амалга оширилган ишлар Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида халқ дипломатиясини ривожланишига катта ҳисса қўшиб келаётгани АҚШдаги ватандошлар томонидан мамнуният билан айтиб ўтилди.

Ўзбекистон хотин-қизлар “Олима” уюшмаси раиси, Тарих фанлари доктори, профессор Р.Муртазаева кимё, биотехнология, қишлоқ хўжалиги ва бошқа жабҳаларда ўз интеллектуал салоҳиятларини намойиш этиб, оригинал тадқиқотлари, инновацион ишланмалари билан юртимиз инновацион ривожланишига ўз ҳиссаларини қўшаётган аёллар тўғрисида статистик таҳлиллар ҳақида маълумот берди. Р.Муртазаева нозик соҳа ҳисобланадиган дипломатияда ҳам ўзбек аёллари қадимдан мохирлик билан иштрок этиб келганлигини, бугунги кунда эса илмли олима аёллар нафақат мамлакатнинг ички сиёсатида қолаверса халқаро алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашда ўзига хос ўрин тутишини таъкидлаб ўтди.

Онлайн мулоқот давомида хориждаги ватандошларимиз ва турдош ташкилотлар, яъни, Литва, Латвия, Эстония, Финляндия, Германия, АҚШ, ХХР ва Индонезидаги ҳамкор ташкилотларимиздаги раҳбар аёлларни фаолиятини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Онлайн мулоқотга Литвада истиқомат қилаётган ватандошимиз Литвадаги “Ўзбек маданий маркази” жамияти раиси Л.Урманова ҳам қўшилиб, аёлларнинг жамиятдаги ўрни борасида Литва тажрибаси билан ўртоқлашди. Охирги йилларда Литвада аёллар хар томонлама қўллаб-қувватланаётганлиги ва уларга кенг имкониятлар, шароитлар яратилаётганлиги, aйниқса, уларнинг ижтимоий ҳаётдаги фаоллигини оширишга алоҳида эътибор берилаётгани таъкидлаб ўтилди.

Ўзбекистонни бугунги кунда эришаётган ютуқларини, ислохатларни хорижий мамлакатларда танититиш борасида дўстлик жамиятларининг аёллари фаол ишлар олиб бормоқдалар.

“Ўзбекистон-Франция” дўстлик жамияти ижрочи директори, Филология фанлари доктори, профессор Р.Ширинова халқ дипломатиясида аёлларнинг ўрни муҳимлиги, хорижда жамият ва давлат ривожида хотин-қизларга берилаётган эътибор хусусан, охирги йилларда Францияда аёлларнинг жамиятдаги ўрни, давлат идораларида эса аёллар сониниг ортиб бораётганлигини таъкидлади. У Ўзбекистонда ҳам аёлларнинг жамиятда фаоллиги оила, таълим тарбия масалаларида ҳам ижобий натижаларга олиб келишини қайд этиб ўтди.

Финляндиядаги “Юлдуз-Марказий Осиё” жамияти раиси М.Пейпонен Финландиядаги аёлларнинг жамият ҳаётида фаол роли, раҳбар аёллар ва уларнинг давлат идораларидаги фаолияти борасида мисоллар келтириб, Финляндия тажрибасини Ўзбекистонда ҳам қўллаш борасида фикр билдирди.

Тадбир якунида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Р.Курбанов дўстлик жамиятлари ва маданият марказлари раислари ҳамда ижрочи директорлари билан келгусида мазкур соҳада амалий ишларни янада кучайтириш, хориждаги ватандошлар билан алоқаларни такомиллаштириш борасида манзилли ва истиқболли ишларни кўпайтириш борасида келишиб олди.