2020 йил glavnaya

Хитой журналистлари Ўзбекистонда пандемия шароитида аҳолининг ижтимоий қўллаб-қувватланаётгани ҳақида

ПЕКИН, 23 апрель. /“Дунё” АА/. Пандемия даврида Ўзбекистонда аҳоли ва бизнес вакилларининг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар чет элларда қизиқиш уйғотмоқда. Буни хорижий матбуотда эълон қилинган материаллар, шунингдек, хорижий оммавий ахборот воситаларида мамлакатимиз раҳбарияти томонидан қабул қилинаётган қарорларнинг тезкорлик билан ёритиб борилаётгани ҳам тасдиқлайди.

Хусусан, Хитойнинг етакчи “Жэньминь Жибао” газетаси ўз веб-сайтида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев саноат, қурилиш ва инфратузилма тармоқлари корхоналарининг тўлиқ ишлашини таъминлаш масалалари бўйича ўтказган видеоселектор йиғилишига бағишланган материални жойлаштирди.

Ушбу материалда давлатимиз раҳбарининг ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини қўллаб-қувватлаш ва ушбу жараёнга тадбиркорларни жалб қилиш борасидаги ташаббуслари ҳақида сўз боради. Мақолада саноатнинг барқарор ишлашини таъминлаш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кўпайтириш, эҳтиёжманд ва вақтинча ишсиз бўлган оилаларни озиқ-овқат ва дори-дармон билан таъминлашни кенгайтириш борасидаги интилишлар ҳақида атрофлича сўз юритилади.

Нашр, шунингдек, коронавирус ҳолати қайд этилмаган, эпидемиологик вазият нисбатан яхшиланаётган вилоят, туман ва шаҳарларда карантин чекловларининг режалаштирилган тартибда босқичма-босқич юмшатилаётгани тўғрисида хабар беради.

Гонконгнинг “Дакунпао” нашри ҳам ўз муштарийларига Ўзбекистонда бизнес вакилларининг аҳолига, давлатнинг эса ишбилармонларга ёрдам кўрсатиши ҳақида маълумот берди.

Нашрда хайрия билан шуғулланадиган тадбиркорларга давлат томонидан қўшимча солиқ имтиёзлари берилиши айтилади.

Мақолада таъкидланганидек, ушбу ёндашув давлат органлари, ишбилармон доиралар ва жамоатчиликнинг COVID-19 га қарши курашда бирдамлигини намойиш қилиб, мамлакатда эпидемиянинг салбий оқибатларини сезиларли камайтиришга имкон беради.

Ўзбекистон раҳбариятининг коронавирус пандемияси шароитида иқтисодиёт тармоқларини ҳимоя қилиш, шунингдек, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишни қўллаб-қувватлашга оид қатор чора-тадбирлари ҳақида Хитойнинг бошқа нашрларида ҳам туркум мақолалар чоп этилмоқда.