2022 йил Bosh-sahifa-kir Коррупцияга қарши кураш

Хоразмда 10 млн сўм пора олган бандликка кўмаклашиш маркази директори 5 йилга қамалди

Хоразм вилояти Янгибозор тумани аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази собиқ директори М.Ж. 5 йилга қамалди. Бу ҳақда вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлимига таяниб «Gazeta.uz» хабар қилди.

Таъкидланишича, унга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) 2-қисми «в» банди билан қўзғатилган иш Жиноят ишлари бўйича Янгибозор туман судида кўриб чиқилган.

Суд ҳужжатларига мувофиқ, Урганч туманида (1973 йилда) туғилган М.Ж. хизмат вазифаси давомида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг буйруғи билан тасдиқланган низомга асосан аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларига субсидия ажратиш ваколати берилганидан фойдаланган.

2021 йил 19 февраль куни «Рўзмат бозор бобо» ишлаб чиқариш кооперативи раҳбари Э.Р. марказга 67 нафар кооператив аъзосига субсидия ажратиб беришни сўраб марказга мурожаат қилган.

«Мансабдор уни пора беришга мажбур этадиган шароитга қасддан тушириб, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан жами 122 миллион 496 минг 100 сўмлик субсидия ажратилиши эвазига ундан 1000 доллар миқдорида пора талаб қилган», — дейилади хабарда.

Kooператив раҳбари Э.Р. маркази директорига бунча пули йўқлигини билдирган. Шундан сўнг, М.Ж. субсидия ажратилгач Э.Р. дан мазкур пуллардан банк орқали 10 миллион сўмни нақдлаштириб олиб келиш талабини қўйган.

Суд маълумотига кўра, 2021 йил 15 июнь куни соат, тахминан, 11:30 ларда марказ раҳбари ўзининг хизмат хонасида Э.Р. дан 10 миллион сўм пул маблағини пора тариқасида олган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ушланган.

Судланувчи М.Ж. Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми «в» банди билан айбли деб топилиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Шунингдек, Жиноят кодексининг 45-моддаси қўлланиб, у 2 йил муддатга давлат ва давлат иштирокидаги корхона, муассаса ва ташкилотларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан ҳам маҳрум этилган.