2020 йил glavnaya Популярные новости Янги Ўзбекистон

Хориждаги ватандошлар билан ҳамкорлик мустаҳкамланади

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида мамлакатимиз Мустақиллигининг 29 йиллиги арафасида хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар жамиятлари ва фаоллар билан “Сен қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистон” мавзусида онлайн-учрашув ўтказилди.

Маълумки, мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб бағрикенглик ва инсонпарварлик маданиятини ривожлантириш, миллатлараро ва конфессиялараро ҳамжиҳатликни, жамиятда фуқаролар тотувлигини мустаҳкамлаш, барча фуқароларга миллати ва диний эътиқодидан қатъи назар тенг ҳуқуқ ва имкониятлар яратиш, ёш авлодни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш давлат сиёсатининг устувор йуналишлари этиб белгиланган.

Бу йилги Мустақиллик байрами “Сен қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистон” шиори остида ўтказилаётгани ҳам бежиз эмас. Зеро, мамлакатимизда миллатлараро бағрикенглик, хорижий мамлакатлар ва халқлар ўртасидаги дўстона муносабатлар Ўзбекистонни қудратли давлатга, тинч, осуда саодат масканига айлантириши шубҳасиз.

3 (2).JPG

Мазкур онлайн-учрашув қўмита ва хориждаги ватандошлар ўртасида ўзаро яқин ҳамкорлик ўрнатиш, маданий алоқаларни янада мустаҳкамлашга қаратилди. Мулоқотда дунёнинг 30 га яқин мамлакатидаги 50 нафарга яқин ватандошларимиз жамиятлари вакиллари, фаоллар, таълим олаётган докторантлар ва талаба ёшлар иштирок этди.

Дастлаб Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустамбек Қурбонов иштирокчиларга қўмитанинг мақсад ва вазифалари ҳамда бугунги кундаги фаолияти ҳақида қисқача сўзлаб берди.

Бугунги кунда қўмита Ўзбекистондаги 143 миллий маданий марказ ва 36 дўстлик жамияти фаолиятини мувофиқлаштириб боради. Халқ дипломатияси асосида иш олиб бориб, ушбу тузилмаларга дўстлик ва кўп миллатли ягона оила туйғуси муҳитини мустаҳкамлаш, дўстона халқаро алоқаларни йўлга қўйиш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, хорижий мамлакатлар фуқаролик ҳамжамиятлари, шу жумладан, чет элда истиқомат қилаётган ватандошларимиз билан дўстликни мустаҳкамлаш борасидаги ишларни самарали юритишда кўмак кўрсатади.

9.JPG

Ўтган давр мобайнида АҚШ, Франция, Германия, Буюк Британия, Бельгия, Финландия, Латвия, Литва, Эстония, Қозоғистон, Қирғизистон, Жанубий Корея, Япония, Малайзия каби 30 дан ортиқ давлатдаги ҳамюртларимиз ва ватандошлар жамиятлари билан ҳамкорликда Наврўз, Мустақиллик куни байрамлари ва бошқа турли тадбирлар муносабати билан мусиқа ва санъат кечалари, рассомлар кўргазмалари ҳамда давра суҳбатлари ташкил этилди.

Жумладан, АҚШда истиқомат қилаётган ватандошлар томонидан таъсис этилган “Атланта-Ўзбек жамияти”, “Чикагодаги Ўзбек-Америка ассоциацияси”, “АҚШ ва Канада Бухоро яҳудийлари Конгресси”, “Тошкент-Сиэтл биродарлашган шаҳарлар жамияти” каби нодавлат ташкилотлар билан бирга нафақат маданий-маърифий, қолаверса туризм, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, инвестицияларни жалб этиш, қишлоқ хўжалиги каби соҳаларда ҳамкорлик йўлга қўйилди.

АҚШ, Франция, Латвия, Литва, Қозоғистон, Қирғизистондаги ватандошлар жамиятларига ўн мингга яқин ўзбек тилидаги бадиий китоблар, дарслик ва журналлар тақдим этилди. Хорижда ва Ўзбекистонда шоирлар, ёзувчилар иштирокида китобхонликка тарғиб этувчи 50 дан ортиқ давра суҳбати, семинар, викторина ва иншолар танлови ўтказилди.

8.JPG

Ўзбекистон Республикаси нуфузи ва мақомини янада ошириш, ўзбек халқининг бой тарихий анъаналари, маданиятини халқаро жамоатчиликка етказиш мақсадида дўстлик жамиятлари ва АҚШ, Франция, Финляндия, Германия, Литва, Эстония, Бельгиядаги ватандошлар билан ҳамкорликда 10 дан ортиқ видеоконференция ташкил этилди.

Бугунги кунда қўмита томонидан Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини таъминлашга қаратилган 10 дан ортиқ лойиҳа амалга ошириб келинмоқда. Хориждаги ватандошлар фарзандларини маънавий-маърифий қўллаб қувватлаш мақсадида “якшанбали мактаблар” фаолиятини йўлга қўйиш, хориждаги ватандошлар фарзандларига ўзбек тилидаги бадиий китоб ва дарсликлар, мусиқа асбоблари, миллий либослар етказиб бериш, уларнинг Ўзбекистондаги ёзги оромгоҳларда ҳордиқ чиқаришини ташкил этиш шулар жумласидан.

Онлайн-мулоқотда сўзга чиққан ватандошларимиз мамлакатимизда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотларни, олисдан туриб бўлса-да, қўллаб-қувватлашларини изҳор этди. Шунингдек, юртдошларимизга байрам табриги йўллаб, қўмита билан янада изчил алоқани йўлга қўйиш борасида ўз фикр ва мулоҳазалари, таклифларини билдиришди. Тадбир якунида қўмита ва хориждаги ватандошлар келгусида янги-янги қўшма лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олишди.

Саидмурод РАҲИМОВ, Оқил ҒУЛОМОВ (сурат), ЎзА