Буюк Ғалабанинг 75 йиллигига
Яна олти ойдан кейин бутун инсоният Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Буюк Ғалабанинг 75 йиллигини тантанали нишонлайди.
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) 30 октябрдан бошлаб Иккинчи жаҳон урушида ўзбекистонлик жангчиларнинг жасоратлари тўғрисида туркум материаллар беришни бошлади. Унда жаҳон урушининг дастлабки азобини тортган Брест қалъаси, Москва, Ленинград, Сталинград шаҳарлари, Европа давлатлари ва, ниҳоят, уруш олови ёқилган Германия ҳамда унинг пойтахти Берлин шаҳри учун бўлган жангларда собиқ совет армияси сафида ҳамда партизанлик ҳаракатларидаги ўзбек жангчиларининг қаҳрамонликлари тўғрисида ҳикоя қилинади.
Жанубий-Ғарбий фронт… Рейхстагга зафар байроғини ўрнатган ўзбек ўғлони

Шундай қилиб, Қўчқор Турдиевнинг якка ўзи темир-бетондан мустаҳкам қилиб қурилган дзотни яксон қилиб, тўққиз душман аскарини ер тишлатиб, уч душман жангчисини асир олади ва уларни штабга ҳайдаб келади.
Жасур ўзбек жангчиси Қўчқор Турдиевга Берлингача бориб, Иккинчи жаҳон урушига нуқта қўйиш насиб этади. Ватандошимиз қуролдош дўстлари билан газандалар уйи – Рейхстагга ҳужум қилиб, бу мудҳиш бино узра зафар байроғини тикиш бахтига муяссар бўлган қаҳрамон жангчилар қаторидан ўрин эгаллаган.
Бир ўзи душманнинг бир дзот*, 9 аскар ва зобитини йўқ қилиб, 3 нафарини асир олган Жануби-Ғарбий фронтнинг ўқчи полки жангчиси Кўчқор Турдиев 1942 йилнинг март ойида Совет Иттифоқи Қаҳрамони юксак унвонига сазовор бўлди.
*Дзот одатда, тепаликда ерни ўйиб, темир-бетон билан мустаҳкам қилиб қурилган пулемёт нуқтаси.
Иккинчи Жаҳон уруши тарихидан. Ўрта Осиё ҳарбий округида хизмат қилиб, Туркистон фронтида полк мактабини бошқарган, 1931 йилдан Ўрта Осиё ҳарбий округининг 8-алоҳида ўқчи батальонининг комиссари бўлган, 1937 йилда Ўрта Осиё ҳарбий округи бўлим бошлиғи, сўнгра Қирғизистон ССР ҳарбий комиссари лавозимида хизмат қилган машҳур қўмондон Иван Панфилов Олма ота шаҳрида туркистонликлардан иборат дивизия тузади.
Бу дивизия Москва остоналаридаги Волоколамск йўналишидаги жанг майдонида душманнинг 114 танкини, 26 минг аскар ва зобитини, 5 самолёт ва бошқа кўплаб ҳарбий техникасини йўқ қилади. Туркистонликларнинг ана шу дивизияси аскарлари олиб борган жангларда взвод командири Икром Халилов, Зариф Иброҳимов, Мамадали Мадаминов, Абдулла Тоғаев, жарроҳ Ғулом Абдураҳимов ва бошқа ватандошларимиз ҳақиқий жасорат намуналарини кўрсатадилар.
Ўзбекистонда тузилган 21- ва 44-отлиқ аскарлар дивизияси эса Москва остоналарида жанг қилади. Дивизия таркибида 1-отлиқ аскарлар корпусининг жангчилари Ҳ.Мусаев, Р.Абдуқосимов, А.Абдуллаев, бўлим командири Р.Алиев, взвод командири кичик лейтенант Х.Бектурсунов, 2-отлиқ аскарлар корпусининг жангчилари З.М.Қосимов, Р.С.Халилов, катта сержант В.Содиқов, эскадрон командири М.Иброҳимов ва бошқалар бор эди.
Ўзбекистонда тузилган 258-ўқчи дивизия аскарлари Москва остоналаридаги жангларда душманнинг 9 мингдан кўпроқ аскар ва зобитларини ер тишлатиб, 137 та аҳоли яшайдиган қишлоқ ва посёлкаларни озод этади, кўплаб жанговар техникани қўлга киритади. Россиянинг Калуга шаҳрини озод этишда кўрсатган матонати учун “Гвардиячи дивизия” унвонига сазовор бўлади. Дивизиянинг жанговар орден ва медаллари билан мукофотланган командирлари ва сиёсий ходимлари орасида Б.Ўразов, Ғ.Толипов, М.Бекмуродов, В.Кашапов каби ватандошларимиз бор эди.
Ирисмат АБДУХОЛИҚОВ,
ЎзА шарҳловчиси