Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 22 февраль куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясининг юқори даражадаги сегменти ишида иштирок этди.
Кенгашнинг бу йиғилиши ҳам коронавирус пандемияси муносабати билан Женева шаҳрида видеоанжуман шаклида ўтказилди.
Айтиш жоизки, Президентимизнинг халқаро анжуманлардаги иштирокини кўп миллатли халқимиз доим катта қизиқиш билан кузатиб боради.
Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзоси сифатида ушбу учрашувда биринчи марта иштирок этди. Ҳар галгидек бу чиқишларида ҳам давлатимиз раҳбари қатор ташаббус ва режаларни кенг жамоатчилик диққатига ҳавола этди.
Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва илгари суриш соҳасидаги туб ўзгаришлар ҳақида жаҳон ҳамжамияти хабардор. Бу йўналишда кейинги йилларда мамлакатимизда катта ишлар амалга оширилди.
Бугун юртимизда 130 тадан ортиқ миллат ва элат, 16 та диний конфессия вакиллари бир оила фарзандидек яшаб, мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Улар ҳам юртимизда ўтказиб келинаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашмоқда.
Республикамизда таълим 7 тилда – ўзбек, қорақалпоқ, рус, тожик, қозоқ, қирғиз ва туркман тилларида олиб борилади. Бундай кўрсаткич дунёнинг бирорта ҳам мамлакатида йўқ. Шунингдек, юртимизда 147 та миллий маданий марказ фаолият юритаётган бўлиб, аксарият маданият марказларида ёшлар учун “Якшанба мактаблари” ташкил этилган.
Сўнгги тўрт йилда Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсатида жуда катта ўзгаришлар кўзга ташланмоқда. Буни жаҳон ҳамжамияти вакиллари, халқаро экспертлар, турли давлатларнинг сиёсий арбоблари ҳам юксак эътироф билан тилга олмоқда.
Ўзбекистонда яшаётган барча миллат ва элатлар миллати, тили ва динидан қатъи назар, тенг ҳуқуқ ва эркинликларга эга экани мамлакат Конституцияси ва қонунларида мустаҳкамлаб қўйилган. Барча миллат вакилларига ўз миллий маданияти, анъана ва урф-одатларини сақлаш ҳамда ҳар томонлама ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратилган.
Миллатлараро тотувлик, ўзаро дўстлик ришталарини янада ривожлантириш ҳақида 2020 йил 29 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга навбатдаги Мурожаатномасида ҳам таъкидланди.
Президентимизнинг 2005 йилгача мамлакатимизга келиб доимий яшаётган, фуқаролиги бўлмаган шахсларга ҳам тўғридан-тўғри Ўзбекистон фуқаролиги берилишига оид таклифидан йиллар давомида Ўзбекистон фуқаролигини олишни орзу қилиб яшаётган одамларимизнинг орзу-умидлари ижобат бўлди.
1995 йилгача юртимизга кўчиб келганларга Ўзбекистон фуқаролигини тўғридан-тўғри бериш тартиби белгиланди. Бу билан 50 минг нафардан ортиқ шахсга фуқаролик олиш имконияти яратилди.
Бу ҳам инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида юртимизда амалга оширилаётган ишларнинг яна бир тасдиғидир. Ушбу масаланинг БМТ минбаридан яна бир бор янграши Ўзбекистонда демократик ислоҳотларнинг ортга қайтмайдиган тус олганлигининг исботидир.
Президентимиз бир қанча янги ташаббусларни илгари сурдилар. Булар гендер сиёсати масалалари борасида мамлакатимизнинг ижтимоий, сиёсий ҳаётида ва ишбилармонлик соҳасида аёлларнинг ролини тубдан ошириш, ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, Жаҳон банки билан ҳамкорликда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига барҳам бериш, фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг сонини камайтириш ва бошқа муҳим таклифлар. Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қатор халқаро мажбуриятларга содиқ қолиши ҳам таъкидланди.
Яқинда мамлакат парламентининг икки палатаси томонидан қабул қилиниб, маъқулланган “Халқлар дўстлиги кунини белгилаш тўғрисида”ги қонун кучга кирди.
Янги байрам Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони билан расмий равишда қабул қилинди ва энди ҳар йили мамлакатда кенг нишонланади. Бу ҳам инсон ҳуқуқларини таъминлаш, турли миллат вакиллари учун тенг шароитлар яратиб бериш борасида қилинаётган ишлардан биридир.
Халқаро ҳуқуқда миллий озчилик деган тушунча бор. Лекин Ўзбекистонда бу ибора ишлатилмайди. Чунки унда барибир оз сонли миллатларни камситиш, халқни кўпчилик ва озчиликка бўлиш тушунчаси бор. Бизда эса Ўзбекистон фуқароларининг тенг ҳуқуқлилиги давлат томонидан кафолатланган. Бу эса мамлакатдаги тинчлик ва барқарорликнинг, пировардида тараққиётнинг гаровидир.
Навбатдаги Кенгаш йиғилишида кўтариладиган масалалар инсон ҳуқуқларини таъминлаш, шу йўналиш бўйича қандай ишларни амалга ошириш кераклигига бағишланди. Ишонамизки, Президентимизнинг нутқларида ёритилган янги конструктив таклиф ва ташаббуслар мамлакатимизда яшаётган турли миллат вакилларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ҳамда Ўзбекистоннинг ижобий имижини дунёда тарғиб этишга хизмат қилади.
Рустамбек Қурбонов,
Миллатлараро муносабатлар ва
хорижий мамлакатлар билан
дўстлик алоқалари қўмитаси раиси.
ЎзА