2021 йил glavnaya Популярные новости Янги Ўзбекистон

Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Иброҳим Жунусов: Биродарлигимиз самарали ҳамкорлигимиз учун асос бўлиб хизмат қилади

Халқаро ҳамжамият  Марказий Осиёда сиёсий муҳит яхшиланаётгани ва иқтисодий алоқалар фаоллашганига гувоҳ бўлмоқда. Бунга Ўзбекистон раҳбариятининг минтақадаги дўстлик, яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, ишончли шериклик, конструктив, кўп қиррали ва ўзаро манфаатли мулоқотни кенгайтиришга қаратилган янги ёндашувлари ва ташаббуслари хизмат қилмоқда.

«Дунё» АА мухбири Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Иброҳим Жунусов билан бугунги кунда икки томонлама ҳамкорлик қандай ривожланаётгани, мамлакатларимиз минтақа тараққиёти ва келажагига қандай ҳисса қўшаётгани тўғрисида суҳбатлашди.

— Жаноб элчи, аввало мамлакатларимиз ўртасидаги ривожланиш истиқболлари тўғрисида бизнинг саволларимизга жавоб бераётганингиз учун миннатдорлик билдирамиз. Биринчи саволимизни Сизнинг минтақавий ҳамкорликдаги ўзгаришлар ва тенденциялар ҳақидаги фикрларингиз билан бошлаш ниятидамиз.

— Бугунги кунда Марказий Осиё минтақасида туб ўзгаришлар рўй бермоқда. Давлатлар ўртасида яхши қўшничилик ва ўзаро ишонч, дўстлик ва ҳурмат муносабатлари мустаҳкамланиб бораяпти. Ҳамма учун синовли бўлган бугунги шароитда ҳам давлатларимиз бир-биридан узоқлашмади, балки бир-бирини ўзаро қўллаб-қувватлади. Энди бизнинг олдимизда минтақамизни глобал иқтисодий, транспорт ва транзит занжирларига чуқур интеграциясини таъминлашдек  муҳим стратегик вазифа турибди.

Ўзбекистон Қирғизистонни яқин қўшни ва стратегик шерик сифатида ҳар томонлама қўллаб-қувватламоқда.

Бугун биз Ўзбекистондаги туб ўзгаришларнинг гувоҳи бўлаяпмиз. Мамлакатнинг ички ва ташқи қиёфаси ўзгариб бормоқда. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз кўлами ва жадал суръати билан эътиборни тортмоқда. Ўзгаришлар етиб кириб бормаган жой ёки соҳани топиш қийин. Улар аллақачон ўзининг ижобий натижаларини намоён этмоқда. Агар сиз бизнес соҳасига назар ташласангиз, унда тадбиркорлар фаоллиги ўсаётгани, ишбилармонлик муҳити яхшиланаётгани ва шунга мос равишда мамлакатнинг инвестиция жозибадорлиги ошаётганини кўришингиз мумкин.

Буларнинг барчасига катта қийинчиликлар, ҳатто маълум бир иқтисодий таваккалчилик билан эришилади, деган бўлардим. Масалан, пул-валюта сиёсатини либераллаштиришни олинг — ахир, мавжуд шароитларда бу ўта қатъий ва ҳатто таваккалчилик қадами эди, лекин у ўзини оқлади. Табиийки, бундай таъсирчан миқёсдаги ислоҳотлар жараёнида баъзи қийинчиликлар ҳам юзага келади. Лекин, асосийси, қатъиятли ва ғайратли, ўз мамлакатини қандай уфқларга олиб боришини аниқ биладиган ва ўз халқининг қўллаб-қувватлашидан оқилона фойдаланадиган етакчи бор. Буни Ўзбекистондаги ислоҳотлар муваффақиятининг асосий кафолати, деб ҳисоблайман.

Муҳтарам Президент Шавкат Мирзиёев томонидан ташқи сиёсат ва ташқи иқтисодий йўналишларни самарали олдга суриш мамлакатда кенг кўламли ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш, аҳоли фаровонлигини таъминлаш ва халқаро майдонда мамлакат обрўсини мустаҳкамлашнинг энг муҳим омилидир.

Ўзбекистон биринчи навбатда қўшнилари, шу жумладан, Қирғизистонга нисбатан очиқ ва тинчликсевар ташқи сиёсат олиб бормоқда. Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар мисли кўрилмаган стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Чегаралараро ҳамкорлик кенгаймоқда, ўзаро савдо ҳажми ўсмоқда, фуқароларнинг ўзаро саёҳатлари, сайёҳлик оқимлари ва делегациялар алмашинуви сезиларли даражада ошди. Илгари муаммоли бўлган барча масалалар ижобий ҳал қилинди ёки ҳал қилинмоқда.

Қирғизистон ва Ўзбекистон мунтазам равишда биз учун долзарб бўлган минтақавий ва жаҳон кун тартибидаги барча мавзулар бўйича ўз позицияларини солиштириб келмоқда, ўзаро манфаатларга тааллуқли бўлган масалаларни халқаро платформаларда кўриб чиқишда бир-бирини қўллаб-қувватламоқда.

Бундай ўзаро ҳамкорликдан кўзланган асосий мақсад тинчликни мустаҳкамлаш, бутун Марказий Осиё минтақасида барқарорлик, хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлашдан иборатлигини таъкидлаш зарур.

Қирғиз ва ўзбек халқлари – бу икки қардош халқ бўлиб, улар доимо бир-бирига талпиниб келган. Бир-биримизни боғлаб турган кўзга кўринмас асосий ришталар умумий тарихий-маданий илдизларга бориб тақалади. Савдо-иқтисодий алоқаларнинг ривожланиши муносабатларимизни янада мустаҳкамламоқда. Шу боис давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг истиқболлари жуда порлоқ, деб ҳисоблайман. Эришилган марраларда тўхтаб қолмаслик, ўзаро манфаатли бўлган барча соҳаларда муносабатларни ривожлантириш, ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ва қадрлаш муҳимдир.

— Мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик ҳам сўнгги йилларда сезиларли даражада жонланганини эслатиб ўтдингиз. Афсуски, пандемия иккала мамлакат ва минтақанинг иқтисодий ривожланиш суръатларига ҳам ўз таъсирини ўтказди. Шунга қарамасдан, 2020 йилда эришилган иқтисодий ҳамкорлик натижаларини қандай баҳолайсиз?

— Коронавирус пандемияси глобал иқтисодиёт учун жуда кучли беқарорлаштирувчи омил бўлиб чиқди. Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳам унинг таъсиридан четда қолмади. Бугун биз эътиборимизни савдо-иқтисодий алоқалар ва саноат кооперациясини жонлантиришга қаратганмиз. Ўзаро савдо-сотиқдаги тўсиқларни бартараф этиш, божхона процедураларини соддалаштириш, уларни уйғунлаштириш ва рақамлаштириш, ўзаро инвестицияларни рағбатлантириш мамлакатларимиз ўртасида электрон тижоратни ривожлантиришни назарда тутувчи қўшма дастурларни амалга ошириш бу мақсадларга эришишнинг энг самарали усули ҳисобланади.

Пандемия шароитида савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқаларимизни ривожлантиришда янги, шу жумладан, ностандарт ёндашувларни ишлаб чиқиш муҳимдир.

2020 йил 8 декабрь куни Фарғона шаҳрида Қирғизистон Бош вазири вазифасини бажарувчи, Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Артём Новиков ва Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов иштирокида Ўзбекистоннинг чегараолди вилоятлари ҳокимлари ва Қирғизистон ҳукуматининг чегараолди вилоятлардаги ваколатли вакиллари Кенгашининг учинчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Бугунги ўзаро боғлиқлик даражаси ва республикаларимиз иқтисодиётининг салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда яқин йилларда ўзаро савдо кўрсаткичларини 1 миллиард долларга етказиш бўйича қўшма тадбирларни амалга оширишга тайёрлик билдирилди. Шунингдек, чегараолди ҳудудларда ўзбек ва қирғиз маҳсулотларини потенциал бозорларга етказиб беришни кўпайтириш ва савдо таркибини диверсификация қилиш имконини берадиган чегара савдо зоналарини, улгуржи тарқатиш ва агрологик марказларни яратиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Жорий йилда ўтказилиши режалаштирилган Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳукумат раҳбарлари даражасида икки томонлама ҳамкорлик бўйича қўшма ҳукуматлараро комиссиянинг 9-йиғилиши доирасида Ишбилармонлар кенгашининг навбатдаги анжуманини ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилди.

Умуман олганда, алоқаларнинг ҳозирги даражаси ва савдо-иқтисодий муносабатларимиз салоҳияти юқори бўлиб қолмоқда.

Шуни таъкидлашни истардимки, жиддий пандемия ҳолатида ҳам савдо алоқаларининг ўсиши давом этди. Хусусан, мамлакатлараро товар айирбошлаш ҳажми ўтган йил 900 миллион доллардан ошди, экспорт эса 756,6 миллион доллар, импорт эса 146,5 миллион долларни ташкил этди.

Шу билан бирга, ўзаро товар айирбошлаш ва савдо ҳажмини ошириш, қўшма корхоналар, савдо, логистика ҳамда саноат марказларини яратиш, транспорт-логистика, мультимодаль транспорт йўналишларини биргаликда ривожлантириш ва тармоқлараро ҳамкорликни чуқурлаштириш зарур.

Мавжуд сиёсий муҳит икки мамлакат ўртасидаги шерикликнинг очиқ ва изчил ривожланишига хизмат қилмоқда. Бундан кейин ҳам барқарорликни сақлаш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш учун саъй-ҳаракатларни давом эттириш муҳимдир.

— Халқларимиз тарихи ва маданияти бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Бу бугунги кунда яқин дўстлик ва шерикликни ривожлантириш учун ишончли асос бўлиб хизмат қилмоқда. Ўзбекистонда ҳам, Қирғизистонда ҳам ўзбек ва қирғиз миллатига мансуб жуда кўп фуқаролар яшайди. Ушбу босқичда, сўнгги ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда, халқ дипломатияси қардош мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликка қандай таъсир қилмоқда?

— Маълумки, халқ дипломатияси мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг барча жабҳаларини чуқурлаштиришда муҳим роль ўйнайди. Мамлакатларимиз қирғиз ва ўзбек халқлари ўртасидаги тарихий дўстлик ришталари асосида маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашга устувор аҳамият бермоқда. Ўтказилган қатор йирик маданий тадбирлар ушбу йўналишдаги ҳамкорликни фаоллаштиришнинг ёрқин намунаси бўлди.

Икки мамлакатда ўтказиладиган маданий-маърифий, спорт ва ёшлар тадбирларида фаол ўзаро иштирок этиш яхши анъанага айланди. Мамлакатларимизда миллатлараро мулоқотни мустаҳкамлаш учун барча зарур шароитлар яратилмоқда.

Ўзбекистонда 6 та қирғиз миллий маданий маркази муваффақиятли фаолият юритмоқда. Улар Тошкент, Андижон, Наманган, Фарғона, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида ташкил этилган. Ушбу марказларнинг айрим фаоллари «Дўстлик» ва «Эл-юрт ҳурмати» орденлари каби юксак давлат мукофотлари билан тақдирланган. Мамлакатингизда оммавий ва миллий байрамларга бағишланган деярли барча тадбирлар миллий маданий марказлар, шу жумладан, қирғиз маданий марказлари иштирокида ўтказилади.

Мамлакатларимиз ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорлик мавзусини давом эттирар эканман, шуни ҳам таъкидлашни истардимки, сўнгги пайтларда икки мамлакат музей муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашди. Жумладан, жорий йил 2 март куни қадимий Хива шаҳридаги «Ичан-қалъа» очиқ осмон остидаги музей-қўриқхонасида Ўш шаҳридаги “Сулаймон-Тоо” музей мажмуасининг кўргазмаси очилди ва ҳамкорлик  Меморандуми имзоланди.

Самарали ҳамкорлик, доимий маълумот ва тажриба алмашиш,  ўзаро қўллаб-қувватлаш ҳам COVID-19га қарши курашишнинг асосий омилига айланди. Шуни таъкидлаш керакки, пандемияга дуч келган мамлакатларимиз ушбу инқироздан чиқиш учун юқори даражадаги ҳамкорликни намойиш этмоқда. Икки мамлакат соғлиқни сақлаш муассасалари ўртасида доимий мулоқот мавжуд, тезкор маълумот ва тажриба алмашинуви амалга оширилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан биродар Ўзбекистон томонидан Қирғизистоннинг COVID-19га қарши курашдаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш учун Бишкек шаҳри ва Боткен вилоятининг Қадамжой туманида модулли шифохоналар қурилди.

Шуни таъкидлашни истардимки, Ўзбекистон қийин даврда биринчилардан бўлиб ўзининг ҳақиқий дўстлиги ва бирлигини намойиш этиб,  бизга ёрдам қўлини узатди. Бугунги шароитда, шубҳасиз, эпидемия ва унинг оқибатларига қарши курашишда эришилган ҳамкорлик даражасини сақлаб қолиш ва янада мустаҳкамлаш муҳим бўлиб қолмоқда.

— Аввалги саволга қўшимча тарзда, ўзбек тилини мукаммал билишингизни қайд этишни истардик. Сиз оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, “Дунё” ААга ҳам интервьюларингизни одатда ўзбек тилида берасиз. Кундалик фаолиятингизда ўзбек тили, халқимиз маданияти ва урф-одатларини билиш сизга қандай ёрдам бермоқда?

— Бундай баҳо, албатта, мени мамнун қилади. Аммо мен халқларимиз маданияти ва урф-одатлари бир-бири билан чамбарчас боғлиқлигига эътибор қаратмоқчиман. Қадим замонлардан буён икки қардош халқ бир-бири билан яқин мулоқот қилган, қуда-анда бўлиб яшаган, оддий одамлар ёнма-ён барча қийинчиликларни бошдан кечирган, бир-бирига ёрдам берган ва қўллаб-қувватлаган. Тилларимизнинг яқинлигини эса алоҳида таъкидлаш мумкин.

Менинг болалик йилларим ўзбек халқи билан яқин алоқада ва дўстона ўтган. Шу боис юртингиз менинг қалбимга жуда яқинлиги ва ўзбек тили она тилимдек бўлиб қолганида ҳайратланарли жой йўқ.

Бизнинг биродарлигимиз ҳозир ҳам, келажакда ҳам доимо самарали ҳамкорлигимиз учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилишига ишончим комил.

— Давлатимиз раҳбари биринчилардан бўлиб Садир Жапаровни 10 январь куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари президентлик сайловидаги ишончли ғалабаси билан табриклади. Кейин қирғиз оммавий ахборот воситалари Қирғизистоннинг янги Президенти яқин вақт ичида Ўзбекистонга ташриф буюришни режалаштираётгани ҳақида хабарлар тарқатди. Олий  даражадаги Ўзбекистон-Қирғизистон саммити якунлари бўйича нималар кутилмоқда, бу мамлакатларимиз ва минтақадаги бошқа шериклар учун қандай истиқболларни очиши мумкин?

— Тўғри айтасиз, 11 январь куни Ўзбекистон Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёев биринчилардан бўлиб Қирғизистоннинг сайланган Президенти Садир Жапаровни президентлик сайловида қозонган ишончли ғалабаси, шунингдек, Қирғизистон Конституциясига ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум муваффақиятли ўтказилгани билан табриклади.

Телефон орқали мулоқот давомида икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича илгари эришилган келишувларни амалга оширишнинг муҳимлиги қайд этилди.

Бу, авваламбор, давлат чегарасини делимитация қилиш, савдо ҳажмини ошириш, саноат, энергетика ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида кооперацияни кучайтириш, минтақалараро алоқаларни кенгайтириш ва гуманитар алмашинув, самарали транспорт коммуникацияларини ривожлантириш бўйича минтақавий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича биргаликдаги ишларнинг самарадорлигини таъминлаш масалаларига тегишлидир.

Давлат раҳбарлари ҳукуматлараро комиссиялар фаолиятини фаоллаштириш, шунингдек, ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари бўйича қатор тадбирларни ўтказишга келишиб олдилар.

Яқин ва конструктив мулоқотни давом эттириш, халқаро ташкилотлар ва минтақавий тузилмалар доирасидаги ўзаро қўллаб-қувватлашдан манфаатдорлик билдирилди.

11-12 март кунлари Президент Садир Жапаров давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келади. Ушбу ташриф самарали бўлиб, қирғиз-ўзбек дўстлик, яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда уларни сифат жиҳатидан янги мазмун билан тўлдириш учун яхши замин яратишига ишончим комил.

Ўзбекистон Қирғизистоннинг энг яқин қўшниларидан биридир. Мамлакатимиз учун икки томонлама муносабатларнинг барча йўналишларида Ўзбекистон билан дўстона ва яхши қўшничилик алоқаларини янада изчил ривожлантириш ташқи сиёсатнинг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда.

Давлатларимиз ўртасида ўрнатилган яқин ва ишончли алоқалар, тўғридан-тўғри ва мунтазам мулоқот туфайли икки томонлама алоқаларни ривожлантиришда сезиларли ижобий изчиллик ҳукм сураётганини қайд этиш лозим.

— Жаноб элчи, мазмунли суҳбат учун ташаккур!