2020 год glavnaya Популярные новости Мероприятия

“ЯНГИ АВЛОД — ЯНГИ ТАШАББУСЛАР” шиори остида фаол ёшлар билан маънавий-маърифий мулоқот

Республика Маънавият ва маърифат марказида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Журналистлар ижодий уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 27 декабрь куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда ёшлар билан ўтказган йиғилишида илгари сурилган муҳим фикр ва ғоялар, белгиланган вазифалар ижросига бағишлаб  “Янги авлод — янги ташаббуслар” шиори остида  ижодкор ёшлар билан мулоқот бўлиб ўтди.

Давлатимиз раҳбари Президентлик фаолиятининг илк кунлариданоқ юртимизда таълим-тарбия, ёшлар камолоти йўлида қилиниши лозим бўлган ишларга алоҳида эътибор қаратди. Ўтган қисқа давр мобайнида Ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланди. Ёшлар масалалари бўйича республика идоралараро кенгаши тузилди. Ўзбекистондаги ёшлар билан ишлайдиган тузилмалар фаолияти такомиллаштирилди. 30 июнь- Ёшлар куни деб элон қилинди.

 

Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга қаратилган 43 та қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилинди, 70 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Жамият ҳаётининг турли соҳаларида жонбозлик кўрсатиб, мамлакатимиз равнақига, унинг халқаро обрў-эътиборини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшаётган 84 нафар ёшлар “Мард ўғлон” давлат мукофоти ва “Келажак бунёдкори” медали билан тақдирланди.

 

Бугунги кунда барча соҳаларда билимли, сиёсий ва ижтимоий фаол,  ҳалол ва жонкуяр, дунёқараши кенг, креатив фикрлайдиган, муаммоли вазиятларда тўғри қарор қабул қила оладиган йигит-қизларнинг раҳбарлик лавозимларига тайинланаётгани, яқинда бўлиб ўтган сайловларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига 9 нафар йигит-қизнинг сайлангани, маҳаллий Кенгашларда ғалаба қозонганларнинг қарийб 10 фоизини ёшлар ташкил этаётгани ҳам мамлакатимизда ёшларга келажак бунёдкори сифатида юксак  ишонч билан қаралаётганининг  тасдиғидир.

 

“Ёшлар — келажагимиз” дастури доирасида 2019 йилда 5 минг 149 та лойиҳа учун 865 миллиард 817 миллион сўмдан зиёд маблағ ажратилди ва 28 минг 661 иш ўрни яратилди. Дастур ижроси натижасида 35 минг нафар ёш иш билан таъминланди.

Айниқса, ёш кадрларни тайёрлашга алоҳида эътибор берилиб, олий таълим муассасалари сони 114 тага етди. Сўнгги 3 йилда 6 та янги олий таълим муассасаси, уларнинг 17 филиали ва 14 та хорижий олий таълим муассасаси филиали ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 27 декабрь куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда ёшлар билан ўтказган йиғилиши муҳим тарихий аҳамиятга эга бўлиб, мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатини янги босқичга кўтарилганини намоён этди.

 

Президентимиз “Янги Ўзбекистонни, албатта, ёшлар билан бирга қурамиз” дея таъкидлар экан, юксак маънавиятли, замонавий билим ва касб-ҳунарларга, ўз мустақил фикрига эга бўлган, фаол, ташаббускор, ватанпарвар ёшлар ҳар бир мамлакатнинг энг катта суянчи ва таянчи ҳисобланишини, янгича фикрлаш, дунёқараш, инновацион ғоялар, ташаббуслар билан майдонга чиқаётган   ёшлар “Миллий тикланишдан миллий юксалиш сари” деган улуғвор ғоя асосида  Ватанимизнинг энг катта бунёдкор ва яратувчи кучига айланишига катта умид билдирди.

Президентимизнинг глобаллашув шароитидаги хавф-хатарлар ва мафкуравий хуружларга қарши курашиш борасида айтган фикрлари асосида ёшлар бир қанча таклифларни билдирди. Айнан бу курашда ҳар бир ёш миллий маънавият ва қадриятлар ҳимоячисига айланиши ҳақида айтиб ўтди.

Шунингдек, Абдурауф Фитратнинг “Бу дунё кураш майдонидир. Соғлом тан, ўткир ақл ва яхши ахлоқ бу майдон қуролидир”, деган сўзлари яна бир бор ёдга олинар экан, ёшлар тарбиясида санъат, адабиёт, ватанпарварлик сув ва ҳаводек зарурлиги таъкидланди.

 

Мулоқот давомида сўзга чиққан маънавий-маърифий йўналишларда хизмат қилаётган ёш ҳарбий йигитлар  Президентимиз айтганидек, “ишонса арзийдиган, суянса тоғ бўладиган ёшлар” сифатида ватан ҳимояси йўлида нафақат билак кучи, балки бор билим, салоҳияти билан хизмат қилажакларини билдирди.

Очиқ мулоқот тарзида ўтган учрашувда ҳар бир ёш иштирокчи ўз фикр-мулоҳазаларини эркин баён қилди. Мутасадди раҳбарлар уларни тинглаш баробарида, янги авлод вакилларининг ташаббусларини амалга ошириш уларнинг олдида турган энг муҳим вазифаларидан бири бўлиб қолишини таъкидлаб ўтди.

Тадбир таъкидланганидек, ёшларни, уларнинг мақсад-муддаоларини яқиндан билиш, уларни катта-катта ишларга сафарбар этишда бундай мулоқотлар жуда зарур эканлигини яна бир карра намоён  этди.