“Ўзбекистон ва Афғонистон минтақада транспорт йўлакларини ривожлантиришдан манфаатдорлик билдирди” – икки мамлакат ҳукумат делегациялари ўртасида видеоконференция шаклида ўтказилган музокаралар Хитойнинг “Синьхуа” ахборот агентлиги саҳифаларида шу сарлавҳа остида ёритилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири Шуҳрат Умиров.
Мақолада онлайн учрашув тафсилотларига тўхталиб, “Марказий Осиё – Жанубий Осиё” йўналишида ва “Афғонистон – Хитой, МДҲ мамлакатлари ва Европа” йўналишида транспорт йўлакларини кенгайтириш, икки мамлакат транзит салоҳиятидан унумли фойдаланиш орқали минтақада транспорт коммуникациялари инфратузилмасини такомиллаштириш, шунингдек, Ўзбекистон ва Афғонистоннинг ўзаро боғлиқлигини таъминлаш масалалари кўриб чиқилгани қаламга олинган.
Шу билан бирга, икки мамлакат ҳукумат делегациялари Ўзбекистондан Афғонистонга электр энергияси етказиб беришни ташкил этиш, шу мақсадда инфратузилмани ривожлантириш бўйича ҳамкорликни давом эттириш, жумладан, “Сурхон – Пули Хумри” узатиш линияси қурилиши лойиҳасини тезкор равишда амалга ошириш бўйича келишувга эришгани алоҳида таъкидланган.
Хитойнинг яна бир нашри «Diplomat Magazine» веб-саҳифасида мамлакатимизнинг Чин юртидаги элчиси билан интервью ҳам хитой тилида эълон қилинди.
Унда Ўзбекистон билан Хитой ўртасида ҳар томонлама стратегик шерикликнинг жорий ҳолатига баҳо берилган, пандемия шароитида кўп қиррали ҳамкорликнинг устувор йўналишлари ва қўлга киритилган натижалар билан боғлиқ фикр-мулоҳазалар акс этган.
Эълон қилинган суҳбатда пандемия ва унинг салбий оқибатларига қарамасдан Ўзбекистон билан Хитой ўртасида олий даражадаги мунтазам сиёсий мулоқот изчил давом этаётгани ҳақида сўз юритилади. Йил бошидан буён Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва ХХР Раиси Си Цзиньпин ўзаро қутловномалар алмашганлари, 7 май куни бўлиб ўтган телефон орқали мулоқот чоғида қисқа ва ўрта муддатли истиқболдаги ҳамкорликнинг турли йўналишларида устувор вазифалар белгилаб олингани маълум қилинган.
«Diplomat Magazine» элчимиз Б.Саидовнинг COVID-19 ижтимоий ҳаёт ва халқаро савдо-сотиқнинг барча соҳаларини рақамлаштиришга кучли туртки берганини ҳақидаги фикрларини ҳам келтиради.
Ўзбекистон элчиси қайд этганидек, юқори технологиялар, инновация, сунъий интеллект тараққиётнинг, фаровонлик ва гуллаб-яшнашнинг энг муҳим омили бўлиб бормоқда, дейилади суҳбатга қилинган иловада.
“2020 йили “Рақамли Ўзбекистон – 2030” миллий стратегияси қабул қилинди. Халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, хорижий тажрибани ўрганиш ва уни қўллаш ушбу миллий стратегиянинг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланган. Шу нуқтаи назардан жаҳон технология етакчиларидан бирига айланган Хитойнинг тажрибаси диққатга сазовордир”, дейди ўзбек дипломати.
Суҳбатда икки мамлакат ўртасида яқин ҳамкорлик ўрнатилгани қайд этилган ҳолда рақамлаштириш соҳасида ҳам ўзаро ҳамкорлик кенг истиқболларга эга эканига урғу берилган. Шу ўринда мамлакатимиз элчисининг қуйидаги фикрлари ўқувчилар эътиборига ҳавола қилинган: “Ўзбекистон икки томонлама асосда ҳам, ШҲТ, “Марказий Осиё – Хитой” мулоқоти сингари кўп томонлама механизмлар доирасида ҳам Хитой билан яқин ҳамкорликка тайёрдир”.