2020 год glavnaya Популярные новости Мероприятия

Янги Ўзбекистонни ёшлар билан бирга қурамиз​

Бугуннинг ёшлари истеъдодли, билим олишга иштиёқманд. Айни пайтда мамлакатимизда уларга кўрсатилаётган юксак эътибор йигит-қизлардан катта масъулият, янада кўпроқ фаоллик ва изланувчанликни талаб этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида ўтказилган ёшлар иштирокидаги учрашувда бу ҳақда батафсил сўз юритилди. 

Унда давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 27 декабрь куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабда ёшлар билан ўтказган учрашувида берган топшириқлари ҳамда 24 январь куни Олий Мажлисга Мурожаатномасидан келиб чиққан ҳолда вазифалар белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустамбек Қурбонов ва бошқалар мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган улкан ғамхўрлик улар маънавиятини юксалтириш, замонавий билим ва касбларни эгаллаши учун кўмаклашиш, йигит-қизларни мустақиллик ғояларига содиқ, Ўзбекистон миллий манфаатларининг том маънодаги ҳимоячилари этиб камолга етказишдек эзгу мақсадни кўзлашини таъкидлади.
1.jpg
2.jpg
Учрашувда қайд этилганидек, ёшларнинг эзгу ғоя ва ташаббуслари, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари, эзгу орзу-интилишлари давлатимиз сиёсатида устувор масаладир. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 27 декабрда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабда ёшлар билан ўтказган учрашувида ҳамда Олий Мажлисга Мурожаатномасида бу жиҳатлар яна бир карра ўзининг ёрқин тасдиғини топгани билан аҳамиятлидир. Зеро, янги Ўзбекистонимиз барча ҳамюртларимиз, айниқса, ёшлар билан биргаликда барпо этилаяпти.
Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси мамлакатимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элат вакиллари ўртасида дўстлик ва тотувликни мустаҳкамлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашга қаратилган кўплаб тадбирларни ўтказиб келмоқда. Айни пайтда миллий маданий марказлар ишига ёшларни тобора кўпроқ жалб этиш муҳим аҳамият касб этмоқда.
4.jpg
5.jpg
– Давлатимиз раҳбари томонидан тақдим этилган Мурожаатнома кўп миллатли Ўзбекистонимиздаги барча ҳамюртларимиз манфаатларини таъминлашга қаратилган, – деди Республика қирғиз миллий маданий маркази фаоли, Тошкент давлат иқтисодиёт университети талабаси Улуғбек Ҳайитов. – Олий таълим тизимида ўқитиладиган фанларни оптималлаштириш, ёшларнинг билим олишга бўлган иштиёқи ва ҳавасини фаол қўллаб-қувватлашга оид амалий таклифлардан жуда хурсанд бўлдик. Айни пайтда бизга билдирилаётган ишончга муносиб бўлишга ҳам астойдил интиламиз.
– Қизларни олий таълимга тобора кўпроқ жалб этишга доир таклифларни барча дугоналарим каби мен ҳам интиқлик билан кутиб олдим, – деди Республика рус миллий маданий маркази фаоли, 2-республика тиббиёт коллежи ўқувчиси Алина Дмитрева. – Жонажон Ўзбекистонимизда барча миллат вакилларининг аҳил ва ҳамжиҳатликда истиқомат қилиши, ҳамманинг ўқиши, изланиши учун тенг ва мақбул шароитлар яратилгани диққатга сазовор. Келгусида эса бу каби имкониятлар янада кенгайиши, албатта, қувонарли ҳолдир.
13-faqat saytga.jpg
– Бугун рақамли технологиялар ғоят долзарб соҳа саналади, – деди Республика қрим-татар миллий маданий маркази фаоли, Тошкент ахборот технологиялари университети талабаси Ленур Казимов. – Рақамли иқтисодиётга ўтиш, дастурчи ёшлар сафини кенгайтиришга доир таклифлар Ўзбекистонимизнинг тараққиётини бир эмас, ўн йилларга илгарилатиб юбориши, шубҳасиз. Бундай ҳаётбахш таклиф ва ғояларнинг амалга ошириш йўлида биз, ёшлар ҳам фаол ҳисса қўшишимиз зарур, деб ўйлайман.
Учрашувда миллий маданий марказларнинг ишига ёшларни кенгроқ жалб этиш, турли ғоя ва ташаббуслар, эзгу лойиҳалар ижросида уларнинг иштирокини кенгайтириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди. Ўз навбатида, ёшлар ҳам мавзуга оид фикр, мулоҳазаларини билдирди.
Назокат УСМОНОВА, Муҳаммад АМИН​ (сурат), ЎзА