2020 йил glavnaya

Японияда яшаётган ватандошлар иштирокида меҳнат миграциясига оид масалалар муҳокама қилинди

Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихона ташаббуси билан Японияда яшаётган ватандошлар иштирокида ташқи меҳнат миграцияси масалаларига бағишланган видеоконференция ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири. 

Видеоконференцияда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ташқи меҳнат миграциялари масалалари бўйича маслаҳатчиси М.Хайриддинов, бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Э.Муҳиддинов, шунингдек, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги масъул ходимлари, Ўзбекистондаги хусусий бандлик агентликлари ва Япониядаги ватандошлар иштирок этди.

Мулоқотда Япониядаги ватандошларга 17 август куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида хорижда меҳнат қилаётган фуқароларга муносиб шароит яратиш ва улар билан тизимли ишлаш юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида илгари сурилган вазифалар юзасидан атрофлича маълумот берилди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 11 августдаги “Камбағал ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритилди.

Ватандошлар Японияда меҳнат фаолиятини олиб боришда дуч келинадиган муаммолар, уларга ечим топиш ва фуқароларимизни ишга жалб қилиш бўйича тажрибалари билан ўртоқлашди.

Тадбирда иштирокчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарилди.

Онлайн учрашув юртдошларимизда илиқ таассурот қолдиргани қайд этилиб, шу каби тадбирларни мунтазам ўтказиш таклиф этилди.

Самариддин Абдуллаев, «Deloitte Tohmatsu Consulting» компанияси мутахассиси, ватандош (Япония):

– Японияда 10 йилдан буён истиқомат қилиб келмоқдаман. Бугунги тадбир доирасида Президентимизнинг хорижда меҳнат фаолиятини олиб бораётган ватандошларга зарур шароит яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида суҳбатлашдик. Элчихона томонидан Япониядаги ватандошларни қўллаб-қувватлаш, уларга амалий ёрдам кўрсатиш бўйича фаолиятни кенгайтиришга доир таклифлар ўрганилди. Шу билан бирга, бугунги кунда хусусий бандлик агентликлари томонидан ишлаш учун Японияга юборилаётган ҳамюртларимиз дуч келиши мумкин бўлган қийинчиликлар, камчиликларни бартараф этиш йўллари борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Ҳукуматимиз томонидан ватандошларга қаратилаётган эътибор ва бу каби мулоқотлар чет элдаги юртдошларимизга катта ёрдам бўлади.

Шоҳруҳ Ҳамроқулов, «Bek Jobs» хусусий бандлик агентлигининг Япониядаги вакили:

— Тадбирда Ўзбекистон билан Япония ўртасида меҳнат миграцияси, фуқароларни ишга жойлаштириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Япония аҳолиси 130 миллионга яқин бўлиб, сўнгги вақтларда мамлакатда аҳоли сонининг камайиши кузатилмоқда. Бу эса Кунчиқар юртда ишчи кучига бўлган талабни оширмоқда.

Фаолиятимиз орқали фаол ёш ўзбекистонлик кадрларни Япония меҳнат бозорига жалб қилиш истагидамиз. Музокаралар жараёнида ушбу жараёндаги мавжуд тўсиқ ва муаммоларни бартараф этишда ҳамкорлик истиқболларини ўргандик.