Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси томонидан «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» Давлат дастури доирасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий йўналишларига бағишланган онлайн-брифинг ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Сиёсий, иқтисодий, маданий-маърифий соҳалар ходимлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда амалга оширилаёган ислоҳотлар, хусусан 2020 йилда ички ва ташқи сиёсатда эришилган ютуқлар тўғрисида батафсил маълумот берилди. Бундан ташқари, 2021 йилга мўлжалланган Ўзбекистонни ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишлари, хусусан, «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йилида» Давлат дастурининг мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритилди.
COVID-19 пандемияси пайтида Ўзбекистон раҳбарияти томонидан кўрилган чора-тадбирлар, вирус тарқалишини олдини олишга қаратилган ҳамда аҳолининг ижтимоий заиф қатламлари ва ишбилармон доираларни қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларнинг ўз вақтида кўрилганига алоҳида эътибор қаратилди.
Брифингда Ўзбекистонда ёшлар билан ишлашни янада такомиллаштириш ва таълим тизимини мустаҳкамлашга оид давлат сиёсати, шунингдек, мактабгача таълим, мактаб таълими ва олий ўқув юртлари олдига қўйилган вазифалар тўғрисида хабар берилди.
Иштирокчилар мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ўзгаришларга катта қизиқиш билдирди. Ислоҳотлар жараёнининг шаффофлиги ва самарадорлиги, иқтисодиётнинг барча тармоқлари ва давлатнинг ижтимоий ҳаётини модернизация қилинаётганини таъкидлади.
Япония томони, шунингдек, коронавирус пандемияси даврида макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш бўйича Ўзбекистон томонидан кўрилган муҳим чора-тадбирларни юқори баҳолади.