Версия для слабовидящих

2021 йил glavnaya Популярные новости

Эмлашдан кейинги ножўя таъсирлар 71 кишида кузатилди — Нурмат Отабеков

СЭС раҳбари ўринбосари Нурмат Отабеков эмлашдан кейинги ножўя таъсирлар 71 кишида кузатилганини таъкидлади. Уларнинг орасида кўпроқ тана ҳароратининг 37,5 даражадан ортиши ҳамда танадаги оғриқлар қайд этилган. Шу билан бирга, инъекция қилинган жойда қичиш, оғриқ, асабийлашиш, холсизлик ва қўрқиш ҳам кузатилган. 

АОКАда ўтказилган брифингда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабеков Ўзбекистонда вакцинация жараёнларининг бориши, эмланганларда кузатилган ножўя таъсирлар ва касалланиш ҳолатлари бўйича маълумот берди.

Унинг таъкидлашича, 6 апрель санаси ҳолатига кўра, Республика бўйича жами 49 200 нафар фуқаро коронавирусга қарши эмланди. Шундан 29 минг 860 киши AstraZeneca инъекциясини қабул қилган бўлса, қолган 19 минг 742 киши хитой-ўзбек (ZF-UZ-VAK2001) вакцинаси билан эмланди.

«Шу кунга қадар, қайд этилган ножўя таъсирларнинг сони 71 тани ташкил этди. Эмланганлар орасида тана ҳароратининг 37,5 даражадан бироз ошиши (45,7%), танада бироз оғриқлар (21,2%), эмланган жойда қичишишлар (14,1%), инъекция ўрнида оғриқ содир бўлиши (11,2%), асабийлашиш, ҳолсизланиш ва қўрқиш (2,2%) каби белгилар кузатилган. Бир нарсани таъкидлаш керакки, улар орасида бирорта ҳам жиддий асоратлар кузатилмаган», — деди Отабеков.

Бироқ, СЭС раҳбари ўринбосари ножўя таъсирларнинг қанчаси қайси вакцинага алоқадорлиги борасида фикр билдирмади.

«Кучи кеча қайд этилган беморларга эътибор қаратсак, умумий аниқланган беморлар 206 нафарни, уларнинг 54 нафарини (26,2 фоиз) 19 ёшгача бўлган болаларни ташкил этган. Бундан кўриниб турибдики, биз ҳали коронавирусга қарши жиддий қаршилик кўрсатадиган имкониятга эга эмасмиз. Карантин ҳали бекор қилингани йўқ. Вазиятдан келиб чиққан ҳолда хар биримиз ўзимизни, фарзандларимизни ушбу касалликка чалинишдан асраш мақсадида тегишли профилактик тадбирларга амал қилишимиз керак бўлади», — дея қайд этди Нурмат Отабеков.

У шунингдек, Ўзбекистонда 6 апрель ҳолатига кўра, 47 минг 229 киши карантин муддатини ўтаётганини таъкидлади. Йил бошидан то ҳозирги кунгача эса 239 минг 37 нафар фуқаро кузатувда бўлган.

6 апрель куни хориждан 9796 киши мамлакат ҳудудига кириб келган. Уларнинг орасида сўнгги 72 соат ичида ПЦР тести натижаларига эга бўлмаган 4053 нафар шахс тест текширувларидан ўтказилган.

Бунинг натижасида уларнинг 12 нафари коронавирусга чалингани аниқланган. Шундан 7 нафарида касаллик оғирроқ бўлгани боис шифохонага ётқизилган, қолган 5 нафари эса симптомсиз ва енгилроқ ҳолат бўлгани учун уй шароитида кузатувга олинган.

Print Friendly, PDF & Email
loading