2019 йил Bosh-sahifa-kir Долзарб хабарлар Тадбирлар

ЭНГ ЯХШИ СОВҒА — КИТОБДИР

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мироомонович Мирзиёев жорий йилнинг 19 март кунидаги йиғилишда аҳоли, айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтириш масаласига алоҳида тўхталиб, “Ҳар бир раҳбар ўзининг шахсий кутубхонасидан ўзи таълим олган мактаб кутубхонасига китоблар совға қилса, бу яхши ташаббус бўлиб китобхонликни ривожлантириш билан фарзандларимиз тарбиясига ижобий таъсир кўрсатади”, деб таъкидлади.

Президентимизнинг бу ташаббуслари республикамиздаги вазирлик ва ташкилотлар раҳбарлари, кенг жамоатчилик томонидан катта иштиёқ билан кутиб олинди. 27 март куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустамбек Қурбонов  ўзлари таълим олган пойтахтимиздаги 17- умумий ўрта таълим мактабида бўлиб, мактаб учун ўз шахсий кутубхонасидан 50дан ортиқ китоблар совға қилди.

Мактаб раҳбарияти ва ўқитувчилари билан бўлган учрашув чоғида мактабнинг собиқ ўқувчиси Р.Қурбонов ўзи ўқиган даврни, таълим берган мураббий ўқитувчиларни ҳурмат билан тилга олди, ўша даврлардаги қизиқарли воқеаларни гапириб берди.

Мактаб маъмурияти совғалар учун чуқур миннатдорчилик билдирди, қилинган мурувват  ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилишга катта туртки бўлишини таъкидлаб, мактабни битириб кетган ва юртимиз равнақига катта ҳисса қўшган собиқ ўқувчилар билан мунтазам равишда учрашувлар ташкил қилишга келишиб олинди.