2021 йил Bosh-sahifa-kir Тадбирлар Янги Ўзбекистон

ЁШЛАР БИЗНИНГ КЕЛАЖАГИМИЗ!

Мамлакатимизда Ўзбекистон давлат мустақиллигининг ўттиз йиллиги муносабати билан ўтказилаётган “Ёшлар ойлиги” доирасида жорий йилнинг 18 июнь куни Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида “Ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялаш – миллий маданий марказларнинг асосий вазифаси” мавзусидаги маънавий-маърифий тадбир ташкил қилинди. Унда Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси масъуллари, Республика миллий маданий марказлар раислари ва ёшлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирнинг асосий мақсади – ўсиб келаётган ёш авлод онгига Ватанга муҳаббат ва унинг тақдири учун дахлдорлик ҳиссини сингдириш, уларни миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялаш, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш, уларни мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларга фаол жалб қилишдан иборат.

Статистик маълумотларга кўра, бугун дунё аҳолисининг 16 фоизини ёшлар ташкил қилмоқда. Юртимизда бу кўрсаткич эътироф этишга арзигулик – аҳолининг 60 фоиздан ошиқ қатлами келажагимиз давомчилари ҳиссасига тўғри келади. Шу сабабли Ўзбекистонни ёшлар мамлакати десак муболаға бўлмайди.

Ҳар қандай давлатнинг тарихий тараққиёт йўлидан маълумки юртнинг жадал ривожланиши, муайян ютуқларга эришиши, халқнинг фаровон бўлиши ўша давлатда ёшлар таълим-тарбияси ва келажагига бериладиган эътибор даражаси билан чамбарчас боғлиқ. Шу маънода, Ўзбекистонда ёшлар масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги саъй-ҳаракатларни тизимли асосда йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббуснинг илгари сурилиши Ўзбекистон тарихида ёшлар таълим-тарбияси бўйича яна бир янги босқични бошлаб берди.

Давлатимиз раҳбарининг ушбу эзгу ғоялари Ўзбекистон халқи, айниқса, ёшлари томонидан катта қизиқиш билан қарши олиниб, қисқа вақт ичида мамлакат бўйлаб кенг қулоч ёзгани эътироф этилди.

Тадбирда Қўмита раиси Рустамбек Қурбонов бугунги кунда юртимизда ёшларнинг маънавий салоҳиятини юксалтириш, иқтидорини қўллаб-қувватлаш, замонавий билим ва касб-ҳунар эгаллаб, етук малакали мутахассис бўлиши учун яратилаётган имкониятлар хусусида тўхталиб ўтди. У ўз нутқида миллий маданий марказлар фаолиятига ёшларни кенгроқ жалб қилиш кераклигини таъкидлаб ўтди.

Республика қозоқ миллий маданий маркази раиси С.Усенов “Бугунги янги Ўзбекистонда ёшларга бўлган эътиборни биз ҳар бир ёшга етказишимиз керак ва бу ишларни оиладан бошлашимиз керак. Ўзимизнинг фарзандимиздан, набираларимиздан янги Ўзбекистонда бщлиб щтаётган ўзгаришни тушунтира билишимиз керак. Муҳтарам Президентимиз томонидан кўплаб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ёшлар учун йўл очиқ. Тадбиримизда жуда кўп ёшлар иштирок этмоқда. Ёшлар ватанимиз келажаги шу сабабли биз бугун жуда ҳам эътиборли бўлишимиз керак. Уларни тарбиялашдан ҳеч қачон чарчамаслигимиз керак”,- деди.

“Видергебурт” Ўзбекистон немислари миллий маданий маркази раиси Елена Миронованинг ”Ўзбекистон – турли миллат ёшлари тақдирида” ва Республика тожик миллий маданий маркази раиси Гулондом Субҳанованинг ”Ёшлар маънавиятини юксалтириш – бугуннинг долзарб вазифаси” мавзуларидаги маърузаларида бугунги мураккаб даврда ёшлар тарбияси нафақат давлатнинг балки фуқаролик жамиятининг институтлари, хусусан миллий маданий марказларнинг ҳам асосий вазифаси эканлигини қайд этишди.

Тадбирнинг бадиий қисмида миллий маданий марказлар ҳаваскор гуруҳлари томонидан ўзбек, қирғиз, уйғур, тожик, қозоқ, озарбайжон тилларида ижро этилган қўшиқ ва рақслари иштирокчиларга байрамона кайфият бахш этди.