2021 йил glavnaya

Ёшлар – халқ дипломатиясининг асосий иштирокчиси ва таянчи

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Ўзбекистондаги Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази, “Ўзбекистон-Франция” дўстлик жамияти, “Истиқбол” тадқиқот маркази Нодавлат нотижорат ташкилоти билан ҳамкорликда ташкил қилинган “Ёшлар – халқ дипломатиясининг асосий иштирокчилари ва таянчи” мавзусидаги давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирни Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети халқаро алоқалар бўйича проректори, “Ўзбекистон-Франция” дўстлик жамиятининг ижрочи директори Раима Ширинова очиб берди. Ёшлар билан ишлаш бўйича проректор Камолиддин Мирзааҳмедов университет раҳбарияти номидан меҳмонларни қутлаб, бугунги кунда университет ёшларининг барча соҳадаги ютуқлари, турли хил танловларда эришган юксак натижалари борасида батафсил тўхталиб ўтди.

 

Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси бошқарма бошлиғи Зокир Абидов, Ўзбекистондаги Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази директори Кабулжон Собировлар тадбирда қатнашган университет талабаларига бугунги кунда давлатимиз томонидан берилган кенг имкиноятлар, яратилган шароитлар ва ғамхўрлик ҳамда эътибор тўғрисида атрофлича тўхталиб ўтдилар.

Шунингдек, тадбирда АҚШнинг микробиология жамиятининг Ўзбекистондаги элчиси Дилфуза Эгамбердиева, Жанубий Кореядаги Ўзбекистонликлар уюшмаси раиси ўринбосари Одилжон Каримов, Япониядаги Ўзбекистон ёшлар ассоциацияси раиси Жўрабек Ҳасанов ва Франциядаги «Мерос» ассоциацияси раиси Фаррух Юлдашевлар онлайн форматда иштирок этишди.

Дилфуза Эгамбердиева имкониятдан фойдаланиб ёшларга бугунги куннинг Берунийлари, Улуғбеклари, Ибн Синолари етишиб чиқиш даври келганлигини, бу йўлда ёшларнинг билим эгаллашлари, келажакда илм йўлидан бориб ўзбек халқини дунёга танитишда бор куч ғайратлари ва имкониятларини сафарбар этишлари лозимлигини таъкидлади. Айниқса, олиманинг хотин-қизларни илм йўлидаги ютуқларини дунё миқёсида барча йўналишлар кесимида таҳлил қилиб берган маълумотлари тадбирда иштирок этган талабаларда катта қизиқиш уйғотди.

Тадбир сўнгида университет талабалари дарсдан бўш вақтларида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасига бориб иш ўрганиш таклифи билан чиқдилар ва бу таклиф Қўмита вакили томонидан қўллаб қувватланди.