Қўшма йиғилиш кун тартибидаги асосий масала – пандемия даврида ҳудудий партия ташкилотлари, барча даражадаги депутатлик бирлашмалари, жумладан, Хоразм, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар таҳлил қилинди.
Фуқаролар ҳаёти ва соғлиғи ҳимоясини янада кучайтирган ҳолда яшаш ва ишлашда давом этиш, карантин талабларини босқичма-босқич юмшатиш бўйича асосий вазифалар белгиланди.
Карантин қоидалари босқичма-босқич юмшатилиши, пандемия шароитида яшаш ва ишлашга ўтиш жараёни барчадан янада бирдам бўлиш, белгиланган тартибларга риоя этилиши бўйича масъулиятни ошириш, жамоатчилик назоратини кучайтиришни тақозо этади. Энг асосийси, эҳтиёжманд оилалар аъзоларига ўзини-ўзи банд қилиш имкониятлари ва имтиёзларидан фойдаланишида амалий ёрдам кўрсатилади. Шунингдек, жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ҳисобидан ташкил қилинаётган иш ўринлари, уларга ишга жойлашаётганлар ҳақидаги маълумотлар ҳаққонийлиги, қишлоқ хўжалиги кооперативларини ташкил этиш учун ажратилган субсидияларнинг мақсадли сарфланиши бўйича депутатлик ва жамоатчилик назорати кучайтирилади.
Депутатлар ва партия фаоллари “Саховат ва кўмак” хайрия тадбирларини давом эттириб, электорат вакилларига озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон воситалари етказилишида фаол иштирок этади. Аҳолининг эҳтиёжманд қатламини қўллаб-қувватлаш учун нақд пул шаклида берилаётган бюджет маблағлари ўз эгаларига етиб бориши бўйича депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилади.