2020 йил glavnaya Янги Ўзбекистон

Карантин талабларини бузиш халқимизга, яқинларимизга хиёнатдир

Мамлакатимизда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланган куниёқ мамлакатимизнинг барча жойларида бўлгани каби Олтиариқ туманида ҳам бу касалликнинг кириб келишининг олдини олиш бўйича аниқ чора тадбирлар ишлаб чиқилиб, Ишчи гуруҳ тузилди. Хусусан, тумандошларимизга Мурожаат қилиб, туманда етарли озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонлар захиралари шакллантирилгани, фуқароларнинг ортиқча ваҳимага берилмасликлари бўйича тушунтиришлар берилди. Ишчи гуруҳ томонидан бозорларда нарх-наволарнинг сунъий оширилишининг олдини олиш бўйича кунлик мониторинг ишлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, жорий йилнинг 26 март куни Президентимиз раислигида коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишни кучайтириш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида аҳолини ижтимоий ва тиббий муҳофаза қилишни кучайтиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар белгилаб берилди.
Бу бўйича жойларда сектор раҳбарлари, депутатлар, корхона-ташкилот раҳбарлари аҳоли вакиллари билан учрашиб, коронавирус бўйича фуқароларга тушунчалар бериб, шахсий гигиенага амал қилишлари орқали ўзлари ва оила аъзоларининг саломатликларини мустаҳкамлашларини таъкидлаб, уларга озиқ-овқат маҳсулотлари, антисептик воситалар ва тиббиёт ниқобларини бепул тарқатмоқдалар.
Халқимиз меҳр-оқибатли, эгилганни суяб, йиқилганга тиргак бўлади, беморларга эса ёрдам қўлини чўзади. Ўзбекнинг бу ўлмас қадриятлари бугунги кунда яна бир бор ўз исботини топмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 январдаги ПФ-5537-сонли Фармонида белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш, туман ҳудудига коронавирус инфекцияси кириб келишининг олдини олиш бўйича профилактик ва эпидемияга қарши чора-тадбирлар белгиланган талаблар асосида амалга ошириб келинмоқда. Барча ташкилотлар, жамоат жойлари дезинфекция қилинмоқда.
Жорий йил 25 март куни соат 07:30 да “Истанбул-Фарғона” чартер рейси орқали Туркиянинг Истанбул шаҳридан жами 244 нафар фуқаролар Фарғона халқаро аэропортида кутиб олиниб, улар махсус ажратилган 12 та автобус ва 2 та юк машинасида эндемик давлатлардан олиб келинган фуқароларни жойлаштириш мақсадида тайёрланган Олтиариқ туманидаги “Қизилтепа” фахрийлар сиҳатгоҳига жойлаштирилди ва тўлиқ тиббий кузатувга олинди.
Бундан ташқари, туман ҳокимлиги томонидан хориж мамлакатларида бўлиб қайтган, айни вақтда уй шароитида карантинда бўлиб турган тумандошларимизни етарли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминламоқда. Уларнинг кўча-кўйга чиқмаслиги қаттиқ назоратга олинган.
Бугунги кунда олтиариқликлар ҳам Юртбошимиз олиб бораётган сиёсатни тўлақонли қўллаб-қувватлаб, тиббиёт кўрсатмаларига тўлиқ амал қилмоқдалар.
Зеро, Президентимиз таъкидлаганларидек, кўпни кўрган халқимиз янада жипслашиб, аҳил ва ҳамжиҳат бўлиб, бу мураккаб синовларни ҳам енгиб ўтади. Донишманд халқимиз оиласи, фарзандлари, эл-юрти тинчлиги, соғлиғини ҳамма нарсадан устун қўяди. Агар карантин даврида халқимиз жипслашиб, шифокорлар тавсиясига амал қилса, ҳаётий заруратсиз кўчага чиқмаса, у касалликни, албатта, енгамиз! Карантин талабларини бузиш эса халқимизга, яқинларимизга хиёнатдир.
Холмирза НИЁЗОВ,
 
Олтиариқ тумани ҳокими.