2020 йил glavnaya Янги Ўзбекистон

Карантинда ижтимоий ҳимоя қандай таъминланади?

Ёки моддий ёрдам олиш учун ҳужжат кўтариб идорама-идора юриш имкони бўлмаганда нима қилиш керак? 
Ижтимоий ҳимоя тизими орқали эҳтиёжманд кишилар, оилалар қўллаб-қувватлаб келинмоқда. Бироқ, ҳозирги кундаги “ўз-ўзини яккалаш” шароитида ижтимоий ёрдамни етказишда муаммолар туғилиши турган гап.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йилнинг 3 апрелидаги “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони эса ана шу муаммога барҳам берди.
Сир эмаски, ижтимоий ёрдам учун бюджетдан ажратиладиган нафақани олишда маълум ҳужжатлар талаб қилинади. Карантин шароитида эса бундай ҳужжатларни тайёрлаб, тегишли органларга топширишнинг имкони йўқ.
Шуни ҳисобга олиб карантин вақтида ижтимоий нафақа, яъни бола парвариши учун ва бошқа моддий ёрдамлар олиш муддати шу кунларда тугаган бўлса, бу муддат узайтирилади. Бу нафақат март, балки июнь ойини ҳам қамраб олади ва моддий ёрдам берилиши танаффуссиз давом эттирилади. (Фақат шу даврда бола 2 ва 14 ёшга тўлса, ижтимоий ёрдам муддати тугаган бўлса, нафақа пули ўз-ўзидан тўхтатилиши мумкин).
Ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тўлашни узайтириш билан боғлиқ харажатлар Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳисобидан қопланади.
Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ногиронларни бепул таъминлаш учун асосий озиқ-овқат маҳсулотлари ва гигиена товарларининг рўйхати карантин тадбирлари амал қилиши даврида бир марталик ниқоблар, антисептик воситалар ва бактерияга қарши совунлар жамланмаси билан тўлдирилмоқда. Бу мамлакатимизда манзилли ижтимоий ҳимоянинг яна бир хайрли кўриниши бўлди.
Фармон билан, шунингдек, ижтимоий нафақа олиш учун ариза билан бирга тақдим этиладиган ҳужжатларни камайтириш, давлатнинг ижтимоий ёрдам чоралари ҳисобланувчи алоҳида трансфертларни оиланинг жами даромадларидан чиқариб ташлаш ва бошқаларни кўриб чиқиш бўйича вазифалар қўйилди.
Буларнинг барчаси юртимизда инсон омили, унинг фаровонлиги ва ижтимоий ҳимояси ҳар қандай шароитда эътиборда эканининг амалдаги ифодасидир.
Динара Отажонова,
Тошкент давлат юридик университети
кафедра мудири.