Версия для слабовидящих

2021 йил glavnaya Популярные новости Янги Ўзбекистон

«Кенг кўламли ислоҳотларимизни бундан кейин ҳам жадал давом эттирамиз» — Шавкат Мирзиёев

«Халқимизнинг фидокорона меҳнати, қатъий сиёсий иродамиз билан кенг кўламли ислоҳотларимизни бундан кейин ҳам жадал давом эттирамиз», — деди президент ўзининг байрам табригида. Шавкат Мирзиёев халқ сайилларида ҳам иштирок этди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Наврўз аййоми билан мамлакат аҳолисини табриклади. Давлат раҳбари 21 март куни пойтахтдаги Humo Arena мажмуасида бўлиб ўтган байрам шодиёнасида табрик нутқи билан иштирок этди (видео).

«Ўтган йили пандемия туфайли Наврўз байрамини ҳар доимгидек катта тантана қилиб, кенг нишонлай олмаган эдик. Ўшанда, бу ташвишли кунлар албатта ортда қолади, ҳали кўп тўй-томоша ва сайилларни халқимиз билан биргаликда ўтказамиз, деб эзгу ният қилган эдик. Бугун ана шу орзу ва интилишларимиз рўёбга чиқмоқда. Гўзал ва жонажон юртимизда яна шодиёналар, қувончли кунлар бошланмоқда», — деди у.

Шавкат Мирзиёев коронавирус балоси ҳали тўла бартараф бўлмаганини, «шунча меҳнат зое кетмаслиги учун пандемияга қарши курашишни бир лаҳза ҳам тўхтатмаслик, бепарволик ва беғамликка берилмаслик керак»лигини таъкидлади.

«Бизнинг кучимиз — бирлик ва аҳилликда, бизнинг қудратимиз — меҳр-оқибат, ўзаро кўмак ва саховатда, бизнинг ютуғимиз — эртанги кунга бўлган юксак ишончимизда», — деди президент.

Президент бу йилги Наврўз мамлакат мустақиллигининг 30 йиллигида ўтаётганини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, кенг кўламли ислоҳотлар давомий бўлади.

«Наврўзнинг ўлмас руҳи ва боқий фалсафаси биз бугун бунёд этаётган янги Ўзбекистон ғояси билан уйғун ва ҳамоҳангдир. Халқимизнинг фидокорона меҳнати, қатъий сиёсий иродамиз билан кенг кўламли ислоҳотларимизни бундан кейин ҳам жадал давом эттирамиз. Қанчалик қийин бўлмасин, эл-юртимиз манфаатини, жондан азиз фарзандларимиз келажагини таъминлашга хизмат қиладиган тўғри йўлимиздан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз», — дея таъкидлади у.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, Ўзбекистонда аҳолининг барча қатламлари, биринчи навбатда, хотин-қизлар ва ёшларнинг муаммоларини ҳал этиш, уларни билим ва касб-ҳунарга ўргатиш, иш ўринлари, даромад манбаи, турар жойлар билан таъминлашга устувор аҳамият берилмоқда.

Шундан сўнг, президент Шавкат Мирзиёев Наврўз байрами сайлида иштирок этди. Сайилга келган одамлар билан суҳбатлашиб, уларни табриклади.

Print Friendly, PDF & Email
loading