2021 йил Bosh-sahifa-kir Янги Ўзбекистон

“Китобхонлик бизни бирлаштиради” номли китоблар кўргазмаси

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси томонидан қатор ҳамкор ташкилотлар билан бирга Халқаро бағрикенглик кунига бағишлаб 15-21 ноябрь кунлари “Маърифат ва миллатлараро бағрикенглик” шиори остида “Бағрикенглик ҳафталиги” ўтказилмоқда. Ҳафталик давомида турли маданий, маънавий-марифий ва илмий-амалий тадбирлар бўлиб ўтмоқда.

Дастур доирасида 18 ноябрь куни Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида “Китобхонлик бизни бирлаштиради” номли китоблар кўргазмаси бўлиб ўтди. Тадбирда Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси, Миллий маданий марказлар раислари ва фаоллари оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Тадбирнинг асосий мақсади – ўсиб келаётган ёш авлод онгига Ватанга муҳаббат ва унинг тақдири учун дахлдорлик ҳиссини сингдириш, уларни миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялаш, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш, уларни китобхонликка фаол жалб қилишдан иборат.

 

Тадбирни Қўмита раиси ўринбосари Азамат Тошев кириш сўзи билан очиб, миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепцияси ижросини таъминлаш борасида Қўмитада амалга оширилаётган ишлар ҳусусида маълумот берди. Шунингдек у китоб — инсоннинг энг яқин дўсти ва маслаҳатчиси, ақл қайроғи ҳамда билим манбаи экани, башариятнинг энг муҳим кашфиётларидан бири бўлган китоб неча асрлар оша инсоннинг маънавий баркамоллигига хизмат қилувчи восита сифатида яшаб келаётганини таъкидлаб ўтди.Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раиси бўлим бошлиғи Маъмура Зохидова бундай тадбирларнинг ўтказилиши юртимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, турли миллат вакиллари  ўртасида дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини қайд этди.

Турли миллат ёзувчи ва шоирларининг асарлари ҳамда олимларининг тадқиқот ишларига бағишланган миллий маданий марказлар ижодкорлари асарлари кўргазмаси меҳмонлар диққатига ҳавола этилди.

Ўзбекистон қирғиз миллий маданий маркази раиси ўринбосари Абиба Юнусалиева китобга муҳаббат, уни  қадрлаш, ўқишга иштиёқ халқларимизнинг қон-қонига сингиб кетганини сўнгги йилларда ёшларни китобхонликка жалб қилишда салмоқли ишлар амалга оширилганини эътироф этди. Шунингдек у мамлкатимизда турли миллат ёзувчилари ва шоирлари учун яратилган кенг имкониятлар хусусида сўз юритди.

Маълумки, Қўмитанинг ижтимоий буюртмасига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан “Жамиятда миллатлараро тотувлик ва дўстликни ҳамда тарихан шаклланган бағрикенгликни кенг тарғиб қилиш” мавзусида эълон қилинган танловда Республика туркман маданият маркази иштирок этиб, танлов ғолиби бўлган, ижтимоий буюртма маблағларига ҳарид қилинган ноутбук ва принтерлар эса юртимизда фаолият юритаётган миллий маданий марказларга тарқатилган эди. Айни тадбирда ҳам  вилоятларда фаолият кўрсатаетган турли миллий маданий марказларга ижтимоий буюртма маблағларига ҳарид қилинган ноутбук ва принтерлар топширилди.

Тадбирда шунингдек эътиборига миллий маданий марказлар томонидан тайёрланган концерт дастури ҳавола этилди. Турли миллат ёзувчи ва шоирларининг қаламига мансуб шеърлар асосида куйланган қўшиқлар барчага манзур бўлди.

Қайд этиш жоиз, бу каби тадбирларнинг ўтказилиши юртимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, турли миллат вакиллари  ўртасида дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.