Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида Ўзбекистон Конституциясининг 27 йиллигига бағишланган “Конституция — миллатлараро тотувлик ва ҳамжихатлик кафолати” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Тадбир “Маърифат” тарғиботчилар жамияти ва Республика Маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Байрам тадбирида республикамизда фаолият юритаётган миллий маданий марказлар раислари ва фаоллари, турли вазирлик, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.
Анжуманни ўтказишдан асосий мақсад миллатлараро тотувлик ва конфессиялараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, турли миллат ва элатлар вакилларининг урф-одатлари ва анъаналарини ҳурмат қилиш, шунингдек, миллатлараро муносабатлар соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг тарғиб этишдан иборат.
Конференцияда Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси ўринбосари Камолиддин Ишанходжаев ва Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари ўринбосари Азимжон Юсуповлар ўзларининг табрик сўзларида мамлакатимизда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларда, қабул қилинаётган қонун ва қонуности ҳужжатларда инсон шаъни, эътиқод эркинлиги ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини энг олий қадрият сифатида эътироф этиш ғояси ўз ифодасини топганлигини таъкидлаб ўтишди. Жумладан, Бош Қомусимиз — Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг асосий мақсади ва тамойили ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари, кафолатларини таъминлашга қаратилгани эътиборга лойиқдир дея таъкидлашди.
Тадбирда сўзга чиққан Тошкент давлат юридик университети профессори, ю.ф.д. Феруза Мухитдинова, Ўзбекистон давлат Жаҳон тиллари университети профессори, с.ф.д. Нарзулла Жўраев, Ўзбекистон Миллий университети профессори, с.ф.д. Тўлқин Алимардонов, Низомий номидаги педагогика университети доценти, тарих фанлари номзоди Зиёвуддин Илхомов, Республика Қозоқ Миллий маданий маркази раиси Серикбай Усенов ва Республика Украин Миллий маданий маркази раиси Владимир Бойко ўз нутқларида Президентимизнинг миллатлараро муносабатлар ва конфессиялараро тотувлик борасида олиб борилаётган сиёсатлари юксак мақсадларга эришишимизга замин яратиб бераётганлигини таъкидлаб, Конституциямиз бугунги кунда дунёдаги кўпгина давлатлар учун намуна бўлиши мумкинлигини айтиб ўтишди. Улар мустақил Ўзбекистоннинг янги Бош Қомусини яратиш жараёнлари устида олиб борилган қизиқарли маълумотлар билан ўртоқлашди.
Маълумот учун: Мустақил Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тарихини ўрганишда унинг ёзилиш тарихи билан амал қилиш тарихини фарқлаш лозим. Мустақил Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ёзилиш тарихи Ўзбекистон ССР Олий Советининг 1990 йил 20 июндаги Биринчи Президент Ислом Каримов бошчилигидаги 64 нафар аъзодан иборат Конституциявий комиссиянинг тузулиши билан бошланган. 1992 йил сеитябрь-ноябрь ойларида конституция лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига қўйилди. Умумхалқ муҳокамасида фуқаролар томонидан 5 мингдан ортиқ таклиф ва тавсиялар билдирилди. Фуқаролар томонидан билдирилган таклиф ва тавсиялар асосида конституция лойиҳасига 100 дан ортиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Маълумки, 1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси кабул қилинди ва ушбу санадан бошлаб, конституциянинг амал қилиш тарихи бошланди. 2019 йил 8 декабрь куни Мустақил Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг амалиётга жорий этилганилигига 27 йил тўлади. Бугун Конституциямизни халқ синовидан ўтиб, унинг ишончи ва меҳр-муҳаббатини қозонгани ҳамда ҳалқаро ҳамжамиятининг юксак эътирофига сазовор бўлгани объектив воқеликдир.
Тадбир сўнгида мавзу юзасидан савол-жавоблар ўтказилиб, тегишли таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.