Август ойининг бошидан бери Корея Республикасининг қатор ҳудудларида кучли ёмғир ва кўчкилар кузатилмоқда ва бунинг оқибатида 38 кишининг ҳалок бўлгани ёки бедарак йўқолгани хабар қилинмоқда.
Ҳозирда Жанубий Корея тўфон таъсирида бўлиб, жуда кучли ёмғир ва шамол кутилмоқда. Асосий зарба Корея ярим оролининг жанубий ва шарқий ҳудудларида содир бўлиши мумкин.
Корея Республикаси Ўрмон хизмати мамлакатнинг 16 та ҳудудидаги кўчки хавфининг «жиддий» даражага кўтарилгани ҳақида огоҳлантирган. Айни пайтда ёмғир ёғишда давом этиб, мамлакат жанубини сув босмоқда. Об-ҳаво маълумотига кўра, бу ҳолат марказий ва шимолий ҳудудлар, шу жумладан пойтахтда ҳам юз беради.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бугунги кунда Корея Республикасида кўплаб ўзбекистонликларнинг вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётганини инобатга олиб, улардан эҳтиёткорликни оширишларини, табиий офатларда мамлакатда белгиланган кўрсатмаларга риоя қилишларини таъкидламоқда.