2021 йил glavnaya Коррупцияга қарши кураш

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги «Трест-12» билан боғлиқ давлат харидларини ўрганмоқда

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги аксионерлари орасида қурилиш вазири Ботир Зокировнинг ўғли ва турмуш ўртоғи ҳам бўлган «Трест-12» компанияси қўлга киритган давлат харидларини ўрганмоқда. Бу ҳақда 15 апрель куни бўлиб ўтган матбуот анжумани агентликнинг Коррупциядан огоҳлантириш ва комплаенс-назорат тизимини жорий этиш бошқармаси бошлиғи Зуҳриддин Қодиров маълум қилди, деб хабар беради «Gazeta.uz».

«Агентлик томонидан қурилиш соҳасида, тендерлар ва давлат харидларида манфаатлар тўқнашуви ва бошқа ҳолатларни аниқлаш бўйича доимий равишда масофавий мониторинг тадбирлари амалга ошириляпти», — дейди Қодиров.

 Зуҳриддин Қодировнинг сўзларига кўра, қурилиш вазири билан боғлиқ ҳолат ягона ҳолат эмас. Фақат республика миқёсида эмас, вилоятлар миқёсида ҳам кўп ҳолатлар бор.

«Бу бўйича биз ўрганишларни давом эттиряпмиз. Ҳар бир ҳолатлар бўйича тегишли таклифларимизни манфаатдор идораларга берганмиз. Бу масала (Ботир Зокировга тааллуқли давлат хариди — таҳр.) бўйича ҳам ўрганишлар олиб борилмоқда. Натижасини, албатта, жамоатчиликка етказамиз», — деди Зуҳриддин Қодиров.

Аввалроқ Тошкентнинг Шароф Рашидов кўчасидаги (Мустақиллик майдони ёнида) маъмурий бино реконструкцияси ва фаввора остига автотураргоҳ қурилишига 431,5 миллиард сўм сарфланиши мумкинлиги маълум бўлганди. Ушбу лойиҳа пудратчиси сифатида «Трест-12» АЖ танланган. Худди шу компания Олий Мажлис Қонунчилик палатаси биносини жорий таъмирлаш ҳамда фасад қисмини реконструкция қилиш бўйича 16,5 миллиард сўмлик давлат харидини тендерсиз қўлга киритган эди.

«Трест-12», шунингдек, Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказини қуриш бўйича 988,2 миллиард сўмлик лойиҳага ҳам тендер савдоларисиз эга чиққан эди. Шунингдек, «Трест-12» тендер танловларисиз Тошкентда 988,2 миллиард сўмлик Ислом цивилизацияси марказининг қурилиш лойиҳачиси бош пудратчига айланган.

Эслатиб ўтамиз, февраль ойида Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиевнинг ўғли ва акаси билан боғлиқ компания вилоятдаги бир қанча йирик лойиҳаларни амалга ошираётгани ҳақида хабар берилганди. Ҳокимнинг қизи таъсисчилардан бири ҳисобланган My Flower компанияси эса 4 миллиард сўмлик давлат харидларини қўлга киритган эди.

Зуҳриддин Қодиров мазкур иш бўйича материаллар ҳуқуқий баҳо берилиши учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топширилганини маълум қилганди.