2022 йил Bosh-sahifa-kir

Маҳалла – яхши қўшничилик ва ҳамжиҳатлик маскани

Маҳалла – асрлар оша миллий урф-одат ва анъаналаримизни безавол сақлаб, халқимиз учун эзгулик ва тарбия бешиги, яхши қўшничилик ва ҳамжиҳатлик маскани бўлиб келмоқда.

22 март санасида нишонланадиган маҳалла тизими ходимларининг касб байрами куни муносабати Президентимиз Шавкат Мирзиёев шунда деганди, “Биз маҳалла деганда, дунёда камдан-кам учрайдиган, инсонни жамият билан уйғун бўлиб яшашга ўргатиб, бағрикенглик руҳида тарбиялайдиган, халқ билан давлат ўртасидаги ишончли кўприк вазифасини бажарадиган ноёб тузилмани тушунамиз. Айни пайтда, юртимизда яшаётган ҳар бир инсон, миллати, тили ва динидан қатъий назар, ўз ҳаётини, қувончу ташвишларини маҳалладан айри ҳолда тасаввур эта олмайди”.

“Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” давлат дастури доирасида Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Халқ дипломатияси маркази пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур тумани ҳокимлиги, “Боғ-кўча” маҳалла фуқаролар йиғини билан биргаликда “Маҳаллада миллий қадриятларни мустаҳкамлаш ҳафталиги” дастурини амалга ошириш мақсадида “Маҳалла – яхши қўшничилик ва ҳамжиҳатлик маскани” мавзусида ҳайрия тадбири ташкил этди.

19 март куни пойтахтимизнинг Шайҳонтоҳур туманидаги 102-сонли умумий ўрта таълим мактабининг мажлислар залида бўлиб ўтган тадбирда ушбу масканда истиқомат қилаётган турли миллат ва элатлар, диний конфессиялар вакиллари, ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар ҳамда “Темир дафтар” рўйхатига киритилган фуқаролар таклиф этилди.

Шайҳонтоҳур тумани, “Боғ кўча” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Неъматжон Мамашарипов ва Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази директори Қобилжон Собировлар маҳаллаларнинг юртимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва дин вакиллари ўртасидаги тинчлик ва барқарорлик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашдаги аҳамиятини таъкидладилар.

Қобилжон Собиров

Ўзбекистондаги Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Халқ дипломатияси маркази директори: “Яқинда юртимиз тарихида муҳим воқеа содир бўлди. Юртимизнинг келгуси беш йиллик тараққиёт сратегияси қабул қилинди. Стратегиянинг биринчи йили инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳаллага бағишланади. Бу орқали юртимиз фуқароларига, маҳаллаларга берилаётган эътибор диққат марказида эканидан далолат беради. Биз бугун нафақат Наврўз байрамини нишонладик, балки байрам орқали мана шу маҳаллаларда истиқомат қилаётган турли миллат вакилларини байрам билан табриклаш, уларни яхши қўшничилик, ҳамжиҳатлик ҳис туйғуларини янада мустаҳкамлашга ўзимизннинг ҳиссамизни қўшмоқдамиз. Байрамда турли миллат вакиллари, дипломатик корпус вакиллари иштирок этиб ўзларининг дил изҳорларини билдиришди. Шу билан биргаликда, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ҳузурида фаолият юритаётган турли миллий маданий марказлар раҳбарлари ҳам ўз она тилларида Наврўз байрами билан табриклади. Бу эса байрамга янада кўтаринкилик улашди.  Ўйлаймизки, бундай байрамларимиз ҳали давом этади. Маҳаллалардаги ҳамжиҳатлик, қўшничилик тамойиллари давлатлар ўртасида ҳам кенгаяверади. Фурсатдан фойдаланиб, Наврўз байрами билан барча юртдошларимизни табриклайман”.

Тадбир давомида ташкилотчилар томонидан ҳорижий меҳмонлар ва Миллий маданий марказлар раислари ва фаолларининг Наврўз байрами муносабати билан видео табриклари, Шайҳонтохур туманида жойлашган 321 ва 243-сонли мактабгача таълим муассасаси тарбияланувчилари, 102-сонли умумий ўрта таълим мактаби,  Фаттох Назаров номидаги 23–сон болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчилари ҳамда юртимизда таниқли бўлган “Ассалом” халқ чолғу ансамбли томонидан  тайёрланган концерт дастури ташкил этилди.

Иштирокчиларга ҳомий ташкилотлар томонидан байрам дастурҳони ва байрам совғалари тақдим этилди.

Ушбу саҳоват акцияси маҳаллалардаги тури миллатлар ҳамжиҳатлигини ва миллий қадриятларимизни мустаҳкамлашда халқ дипломатиясининг ёрқин намунасига айланди.