2021 йил Bosh-sahifa-kir Долзарб хабарлар Тадбирлар Янги Ўзбекистон

“Махтумқули ижоди ўзбек ва туркман халқларининг дўстлик тимсоли”

Жорий йилнинг 22 июнь куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси,  Республика туркман миллий маданият маркази ҳамда Туркманистонннинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда Ўзбекистон ва Туркманистон давлатлари мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан туркман шоири Махтумқули таваллуд топган кунига бағишланган “Махтумқули ижоди ўзбек ва туркман халқларининг дўстлик тимсоли” мавзусида маданий — маърифий тадбир ташкил этилди.

Унда Қўмита мутасадди ходимлари, Туркманистонннинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари, Республика туркман миллий маданият маркази фаоллари, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзолари ва журналистлар иштирок этишди.

Тадбир доирасида туркман миллий маданият маркази томонидан ташкил қилинган Махтумқули асарлари чоп этилган китоблар кўргазмаси ва туркман миллий таомларидан турли пишириқлар меҳмонлар диққатига ҳавола этилди.

 

 

Ўтказилган анжуманнинг мақсади – мамлакатларимизнинг яхши қўшничиликка асосланган ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш, маданий-маърифий алоқаларни ривожлантириш орқали қардош халқларимизнинг тарихи, маданияти, маънавий қадриятлари, миллий анъана ва урф-одатларини сақлаш ва ҳар томонлама ривожлантириш, уларнинг буюк намояндалари ҳаёти ва ижоди билан ўсиб келаётган ёш авлодни таништиришдан иборат.

Ўзбек ва туркман халқлари қадим заммонлардан бери ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатликда яшаб, ўз маданиятларини ўзаро бойитиб келмоқдалар. Ўзбек ва туркман халқларининг ўзига хос дўстлик илдизлари мавжуд. Икки қардош халқлар асрлар давомида битта дарёдан сув ичиб келади.

 

Бугунги кунда Ўзбекистон ва Туркманистон яхши қўшничилик ва дўстлик муносабатларини чуқурлаштириш, стратегик ҳамкорлик даражасини кўтариш учун давлат даражасида алоҳида аҳамият берилмоқда. Бунинг ёрқин мисоли сифатида Тошкентда Махтумқули номидаги кўча ва унинг юз қиёфаси билан безатилган ёдгорлик, шунингдек, Туркманистоннинг рамзи бўлган «Ашхабод» боғининг очилишини кўришимиз мумкин. Халқларимиз ўртасидаги маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик чуқурлашмоқда. Сўнгги беш йил ичида икки мамлакат пойтахтларида «Ўзбекистон маданияти кунлари» ва «Туркманистон маданияти кунлари» ўтказилган.

Қайд этиш жоизки, икки халқ бир-бирларининг буюк мутафаккирларига азал-азалдан ҳурмат кўрсатиб келишган хусусан, ўзбеклар хонадонида Махтумқули ижод маҳсулларига бағишланган китоблар бўлгани каби туркманлар китоб жавонида албатта Навоий асарларидан намуналар бўлган.

 

Дастур доирасида дастлаб Тошкентдаги Махтумқули барельефи олдида тадбир ташкил қилинди. Тадбирда туркман халқининг улуғ шоири ва буюк сўз санъаткори Махтумқули Фироғий ижоди нафақат туркман халқига, айни пайтда бутун Марказий Осиё халқлари, хусусан ўзбек халқига ҳам бирдек азиз ва қадрли экани йиғилганлар томонидан эътироф этилди.

Унинг доирасида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасининг бир гуруҳ ходимлари, Туркманистонннинг Ўзбекистондаги элчихонаси ва миллий маданий марказлар фаоллари Махтумқули барельефи пойига гулчамбарлар қўйишди.

 

Тадбирнинг иккинчи қисми Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида давом этди. Унда Қўмита раиси Рустамбек Қурбонов Махтумқули Фироғий ижоди икки қардош халқлар ўртасидаги дўстлик ва қардошлик риштларини боғлашда муҳим аҳамият касб этишини айтиб ўтди. Ўзбекистонда қардош халқларнинг буюк шахсларига катта ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилади, таниқли адибларнинг шонли саналари кенг нишонланади деди. Юртимизда миллий маданий марказлар фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг моддий-техник базасини яхшилашга қаратилган қатор амалий ишлар қилинмоқда. Шу ўринда Республика турман маданият маркази Тошкент вилоят бўлимига замонавий компьютер ва принтер совға қилинди.

 

Туркманистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулотда ва Мухтор Элчиси Язгули Мамедов ўз нутқида республикада миллий маданий марказларга кўрсатиб келаётган амалий ёрдами учун Қўмита раҳбариятига ўз миннатдорчилигини изхор этиб, Махтумқули шеърияти ва унинг халқаро майдондаги ўрни хусусида фикр юритди.

Тадбир давомида улуғ туркман шоири ва мутафаккири Махтумқули аллақачон ўзбек халқининг ўз шоирига айланиб улгургани, Ўзбекистонда бирор тўй-тантана Махтумқули қўшиқларисиз ўтмаслиги таъкиланди.

 

 

Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан  “Махтумқули ижодининг ўзбек-туркман адабий алоқаларининг мустаҳкамланишидаги ўрни”, “Махтумқули ижодида бадиий сўз қадри“, “Ўзбек-туркман маданий дипломатиясида Махтумқули маънавий меросининг ўрни” каби мавзуларда маърузалар ўқилиб, иштирокчилар томонидан таклиф ҳамда мулоҳазалар билдирилди.

Анжуман якунида Махтумқули қаламига ғазаллар асосида куйланган қўшиқлар иштирокчиларга яхши кайфият бахш этди.