Испания пойтахти Мадрид шаҳридаги Комплутенсе университети ҳудудида ўзбек халқининг буюк аждоди, олим ва мутафаккир Муҳаммад ал-Хоразмийнинг бюсти ўрнатилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ёдгорлик университетнинг физика, кимё ва математика факультетлари бинолари ўртасидаги майдонда ўрнатилди.
Комплутенсе давлат университети Испаниядаги энг йирик олий таълим муассасаси ҳисобланади. Унга 1499 йил асос солинган.
Университет профессори, географ-олим, Испания флоти қироллик жамияти аъзоси Альфредо Сурокка Ал-Хоразмий асарлари Комплутенсе университетида асрлар оша ўрганиб келинаётганини таъкидлади.
— Биз буюк ўзбек мутафаккири ва олимининг илмий меросини жуда қадрлаймиз, уни барча замонларнинг буюк даҳоларидан бири деб биламиз, — деди А.Сурокка. — Хоразмий асарлари асосида математика ва бошқа аниқ фанлар бўйича бугунги кунгача долзарб бўлган турли дарсликлар яратилган. Шубҳасиз, бу асарлар Уйғониш даври илмининг ривожланишида муҳим роль ўйнаган. Улар Шарқда ҳам, Ғарбда ҳам тараққиётга самарали таъсир кўрсатган. Ушбу ёдгорлик Испания ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстона муносабатларнинг рамзий белгиси ҳамдир. Ўйлайманки, буюк аждодларга кўрсатилаётган бундай муносабат икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга ҳисса қўшади.
Ёдгорликнинг расмий очилиш маросими 2020 йил 17 декабрь кунигарежалаштирилган.