2020 йил glavnaya Популярные новости

Мактаб ўқувчилари дарсдан олдин мадҳия куйлашади

Мактабларда дарсдан олдин мадҳия куйлаш, танаффусда ватан мавзусидаги шеър ва қўшиқлар эшиттириш сўралди. Ушбу мазмундаги хат Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги мактаблар раҳбарларига юборилган.

Ижтимоий тармоқларда халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев имзолаган хат сурати пайдо бўлди. Унда мактабларда дарслар бошланиши олдидан ўқувчи ва ўқитувчилар жўр бўлиб мадҳия куйлаши, танаффус вақтида эса ватан ҳақидаги қўшиқ ва шеърлар эшиттирилиши кераклиги айтилган. Ушбу ҳужжатнинг ҳақиқийлигини ХТВ матбуот хизмати «Газета.uz»га тасдиқлади.

Хатда «барча умумтаълим муассасаларида ҳар куни дарс бошланишидан олдин синф хоналарида (икки сменали таълим муассасаларида ҳам дарсдан олдин) Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳиясини ўқувчи ва ўқитувчилар томонидан жўр бўлиб куйланишини ҳамда танаффус вақтларида Ватан ҳақидаги қўшиқ ва шеърларнинг (таълим муассасаларининг имкониятларидан келиб чиқиб, радио тармоғи ёки овоз кучайтиргич орқали) эшиттирилишини» ташкил этиш сўралган.

Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, танаффус вақтида эшиттириладиган қўшиқлар — машҳур ўзбек хонандаларнинг Ватан ҳақидаги куй-қўшиқлари бўлади.

«„Янгича Ўзбекистон — янгича дунёқараш“ тарғибот-ташвиқот тадбирларида ўзбек адабиётининг намояндалари — Чўлпон, Фитрат, Ойбек, Ҳамид Олимжон, Миртемир, Зулфия, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов ва бошқа ёзувчи, шоирларнинг ижод намуналарини эшиттириш тавсия этилиши қайд этилган. Рўйхатда 50 нафар ижодкорнинг шеърлари ўрин олган. Эшиттириладиган қўшиқлар рўйхатида эса 41 нафар хонанданинг шунча миқдордаги ижод намунаси келтирилган», — деди Дилшод Кенжаев.

Эслатиб ўтамиз, ноябрь ойидан Ўзбекистонда «Янгича Ўзбекистон — янгича дунёқараш» шиори остида маънавий-маърифий тадбирлар бошланган эди.

loading