Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси томонидан ушбу мамлакатда истиқомат қилаётган ватандошлар иштирокида Наврўз байрамига бағишланган онлайн шаклда “давра суҳбати” ўтказилди.
Видео-мулоқотда Малайзиянинг йирик корхоналарида меҳнат фаолиятини олиб бораётган ва олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган юртдошларимиз фаол иштирок этди.
Анжуманда Наврўз байрамига бағишланган қутлов сўзлари янгради. Ушбу баҳор айёми юртимизга ва ҳар бир оилага тинчлик-хотиржамлик, битмас-туганмас куч-қувват ва фаровонлик олиб келишига тилак билдирилди.
Шунингдек, учрашув қатнашчиларига Ўзбекистонда ижтимоий-сиёсий ва бошқа соҳаларда амалга оширилаётган ўзгаришлар, ўтган йил ривожланишнинг устувор йўналишларида эришилган натижалар ҳақида маълумот тақдим этилди.
Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги таълим, савдо-иқтисодий, сармоявий ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш ва кенгайтиришга қўшаётган ҳиссаси учун фуқароларимизга миннатдорлик билдирилди.