2020 йил glavnaya

Мамлакатимизда коронавирус инфекциясидан соғайиш кўрсаткичи 72 фоизга етди

9 август куни 691 ҳолатда касаллик қайд этилган бўлиб, барчаси коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлгани сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири Соғлиқни сақлаш вазирлиги манбасига асосланиб.

Шу билан бирга, Тошкент шаҳрида 3 нафар, Қашқадарё, Тошкент ва Навоий вилоятларида 1 нафардан, жами 6 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этди.

Эътиборли жиҳати, 9 август куни Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент, Қашқадарё, Андижон, Сурхондарё, Наманган ҳамда Навоий вилоятларида жами 726 нафар бемор соғайди.

Ҳозирги кунда касаллик қайд этилган жами 30 минг 609 нафар бемордан 22 минг 42 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 72 фоизни ташкил этмоқда.

Айни пайтда коронавирус инфекциясидан даволанаётган 8 минг 373 нафар бемордан 1 минг 378 нафари оғир, 386 нафари эса ўта оғир аҳволда.