2022 йил Bosh-sahifa-kir

«Мамлакатлар мустақиллиги — эркин ҳаёт гарови» мавзусидаги маданий-маърифий тадбир

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалар қўмитасида қардош Озарбайжон Республикаси мустақиллиги муносабати билан «Мамлакатлар мустақиллиги — эркин ҳаёт гарови» мавзусида онлайн ва оффлайн шаклида маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Қўмита ҳамда Республика озарбайжон маданият маркази билан ҳамкорликда ташкил қилинган тадбирда Озарбайжон Республикаси диаспора билан ишлаш давлат қўмитаси раиси Фуад Мурадов, “Ўзбекистон – Озарбайжон” дўстлик жамияти директори Эркин Нуриддинов, шунингдек, республикада фаолият олиб бораётган Миллий маданий марказлар раҳбарлари ва фаоллари, дипломатик корпус ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Қўмита фойесида озарбайжон халқ-амалий санъати ва миллий ҳунармандчилик асарлари кўргазмаси ташкил этилди.

Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустамбек Қурбонов бугунги кунда юртимизда  миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш борасида олиб бораётган ишлар хусусида маълумот берди.

Жумладан, у дўстлик ва кўп миллатли ягона оила туйғуси муҳитини мустаҳкамлаш, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, фуқаролар тотувлиги ва барқарорлигини, турли миллатлар вакиллари ўртасидаги тинчлик, ҳамжиҳатликни таъминлаш, миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва янада ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритди ва Республика озарбайжон маданият маркази фаолиятига мувафаққиятлар тилади. “Бугунги кунда Республикамизда фаолият юритаётган 152 та миллий маданий марказлардан 6 та озарбайжон миллий маданий маркази республикамизнинг турли ҳудудларида фаолият юритиб келмоқда. Қанчадан-қанча миллатлар қатори озарбойжон миллати вакиллари ҳам Давлатимиз томонидан Миллатлараро тотувлик ва дўстлик алоқаларига фидокорона хизматлари ҳамда меҳнатлари учун давлат мукофотлари билан тақдирланиб келинмоқда. Бу эса ҳукуматимиз томонидан турли миллатларга катта эътибори деб таърифласак арзийди”, — дея таъкидлаб ўтди.

Тадбирда Озарбайжон Республикаси диаспора билан ишлаш давлат қўмитаси раиси Фуад Мурадов, Туркиянинг диаспора ва қардошлик алоқалари бўйича қўмита раиси Абдулла Эренлар ҳам сўзга чиқиб Озарбайжон Республикаси бугунги кунда дунёнинг илғор ва замонавий мамлакатлари қаторидан ўрин олганини таъкидлаб ўтишди. Шу қаторда, турли миллат ва элат вакилларига ўзларининг миллий урф-одатлари, маданияти, санъати ва тилларини ўрганиб, тарғиб қилишга мамлакатимизда кенг имкониятлар яратилганини айтиб, республикамиз раҳбариятига ўз миннатдорчиликларини изхор этишди.

Тадбирда маърузачилар томонидан ўзбек ва озарбайжон халқларини кўп асрлик адабий ришталар боғлаб туриши эътироф этилди. Таъкидландики, Буюк Низомий Ганжавийнинг асарлари ўрта асрлардан бошлаб ўзбек тилига таржима қилинган. Жумладан, 14-асрнинг биринчи ярмида Қутбиддин Хоразмий озар адибининг “Хисрав ва Ширин” асарини ўзбек тилига кўчирган. Низомийнинг беш достонидан илҳомланган буюк Алишер Навоий ўзининг ўлмас “Хамса”сини яратди. Хайдар Хоразмий 15-асрда Низомийнинг “Махзай ул асрор” асарини, 19-асрда эса Огаҳий унинг “Хафт пайкар” асарини ўзбек тилига ўгирган.

Тадбирнинг бадиий қисмида Ўзбекистон давлат хореография академияси талабалари, А.Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети талабалари, озарбайжон, уйғур, қирғиз ва турк миллий маданий марказлари бадиий жамоалари томонидан тайёрланган бадиий чиқишлар йиғилганларга янада кўтаринки кайфият улашди. Тадбир иштирокчиларига диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.

 

Қўмита матбуот хизмати