2020 йил glavnaya

МАМЛАКАТЛАР ТАРИХГА МУНОСАБАТНИ ЎЗБЕКИСТОНДАН ЎРГАНИШИ КЕРАК – КОРАНУН СУКОНРИТИКОРН

ТОШКEНТ, 11 май. Таиланднинг «Wyncoast Industrial Park Public Co., Ltd.» компанияси бошқаруви кенгаши аъзоси Коранун Суконритикорн «Дунё» ахборот агентлиги мухбирига берган интервьюсида Тошкент шаҳрида бунёд этилган Ғалаба боғи ва «Шон-шараф» музейи, шунингдек, мамлакатимизда фахрийларга кўрсатилаётган эътибор ҳақидаги таассуротларини сўзлаб берди.

– Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Иккинчи жаҳон уришида қозонилган  буюк Ғалабанинг 75 йиллиги, шунингдек, Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган маросимдаги нутқи билан танишар эканман, ушбу сана ўзбек халқи учун нафақат муҳим байрам, балки инсон қайғуси билан боғлиқ ҳаяжонли ва таъсирчан воқеа эканлигига ишонч ҳосил қилдим.

Давлат раҳбари ўзбекистонлик жангчилар, ҳалок бўлганлар, бедарак кетганлар,  омон қайтганлар ва қаҳрамонлар ҳақидаги янги маълумотларни алоҳида ҳаяжон билан гапиргани бежиз эмас.

Ўйлайманки, кўплаб мамлакатлар Ўзбекистондан ўз тарихини ҳурмат қилишни ўрганишлари керак. Бугунги авлод Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари қаҳрамонликларини катта ҳурмат билан эслашади.

Биз ўша урушнинг даҳшатларини бошидан кечирган ва бугунги кунда Ўзбекистонда яшаётганларнинг барчасига таъзим қиламиз. Шу билан бирга, Тошкентда шундай улкан Ғалаба боғи қурилгани муносабати билан ўз миннатдорлигимни билдирмоқчиман.

Албатта, мен Ўзбекистонга кейинги сафаримда боғни зиёрат қилиш истагидаман.