2020 йил glavnaya

Машҳур “France 5” телеканалида Ўзбекистон ҳақида кўрсатув намойиш этилди

ТОШКЕНТ, 9 май. /“Дунё” АА/. Франциянинг “France 5” телеканалида Ўзбекистон ҳақидаги кўрсатув эфирга узатилди ва у 1 миллиондан зиёд томошабин томонидан кўрилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси манбасига асосланиб.

“Echappees Belles” теледастурида Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Нукус ҳамда Мўйноқ каби шаҳарларининг ўзига хос маданияти, урф-одатлари, табиати, маҳаллий аҳолининг турмуш тарзи ҳақида сўз юритилган. Дастур бошловчиси Софи Жовийяр Тошкент шаҳридаги Чорсу бозори биноси, Самарқанддаги Регистон майдони, Бухородаги Пойи Калон комплекси, Хивадаги Ичан-қалъа, Нукусдаги Савицкий музейи каби кўплаб жойларда бўлиб, бу ерларнинг ўзига хос меъморчилиги бўйича томошабинларга тўлиқ маълумот беришга ҳаракат қилади.

Франция телеканалида эфирга узатилган кўрсатувнинг яна бир ўзига хос жиҳати шундаки, унда Ўзбекистон айнан миллий урф-одатлар ва анъаналар, шунингдек ҳунармандчилик орқали гўзал тарзда очиб берилади.

Шунингдек, кўрсатувда ўзбек халқининг меҳмондўстлигига алоҳида эътибор қаратилган.

— Бу юртдан олган таассуротларимни бошқа ерда ҳис қилмаганман, Ўзбекистонга саёҳатим унутилмас бўлди. Ўзбек халқида меҳмондўстлик деган фазилат мавжуд, бу орқали улар қаердан бўлишингиздан қатъий назар,  сизни доим яхши кайфият ва илиқлик билан қарши олади, — дейди кўрсатув муаллифи.